Ёд этмас кишини ғурбатда киши
Самарқанд давлат университети Мактабгача ва бошланғич таълим факультетида буюк ўзбек шоири, атоқли давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 539 йиллиги муносабати билан “Буюклар ижоди - ҳамиша барҳаёт ” номли ижодий кеча бўлиб ўтди. Тадбирда ижодкорнинг ижодий меросининг илмий ва бадиий аҳамияти, уларнинг жаҳон адабиёти ва маданиятида ўрганилиши, Бобур ижодини ўрганишнинг қардош халқлар меросини тадқиқ этишдаги аҳамияти, ижодкор асарларининг жаҳон илм-фани, жўғрофия тарихида тутган ўрни мавзуларида маърузалар қилинди.
Мумтоз адабиётимизнинг буюк намоёндаларидан бири шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодида ишқ-муҳаббат, севги-садоқат, висол ва ҳижрон мавзуси ҳам салмоқли ўрин тутади. Бобурнинг улкан санъаткорлиги шундаки, шахсий кечинмаларини жиддий умумлаштирган ҳолда асарларида олға сурилган ғояларни умуминсоний қадриятлар даражасига кўтаради. Бобурнинг ушбу рубоийси ўша йиллардаги ҳаёти билан боғлиқ:
Ёд этмас емиш кишини ғурбатда киши,
Шод этмас емиш кўнгулни меҳнатда киши.
Кўнглум бу ғарибликда шод ўлмади, оҳ,
Ғурбатда севинмас емиш, албатта, киши
Тадбир сўнггида факультетнинг адабиётга ихлосманд талабаларидан Навоий ва Бобур шеъриятининг бетакрор намуналари тингланди. Шунингдек, фаол қатнашган талабалар ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.















Севинч Улашева,
Самарқанд давлат университети
мактабгача ва бошланғич таълим факультети талабаси
Шавкат Акрамов олган суратлар

