Самарқанд давлат университети битирувчиси, Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон...

Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон 1943 йил 14 февраль куни Хоразм вилояти, Янгибозор туманида туғилган. Самарқанд давлат университети филология факультетида ўқиган.
Хуршид Даврон ижодкор Омон Матжон билан боғлиқ хотираларини шундай эслайди:
“Омон аканинг шахсияти мен мансуб бўлган авлод учун жуда қадрли эди, десам, хато қилмайман. Деярли ҳаммамизнинг илк китобларимиз Ғафур Ғулом номидаги нашриётнинг Омон Матжон раҳбарлик қиладиган шеърият бўлими томонидан тайёрланган. Бўлимда ишлаган адабиётшунос олим Асқарали Шаропов, Шавкат Раҳмон, шу бўлимда кичик муҳаррир бўлиб ишлаган Назми опа биз учун жуда қадрдон инсонларга айланган эдилар.
Омон ака Самарқанд университетида ўқиганида унга устозлик қилган атоқли адабиётшунос олим Нуриддин Шукуров мен туғилган Чордара қишлоғига туташ Туркманқишлоқлик эди. Шу инсон туфайли мен илк маротиба Омон ака билан танишганман. Вақт ўтиб, ака-укадай яқин бўлганман.
Қурбақаободдан янги ҳовли олганларида биз ҳашарга борардик. Ишлаш қаёқда дейсиз. Омон аканинг ўзи биринчи бўлиб тартибни бузарди: стол теннисида ўйин бошлаб юбарди. Ҳашарга борганларнинг ҳаммаси ишни қўйиб, шу ўйинни томоша қилишу гап сотиш билан овора бўлардик. Омон ака барчамизга ўзини тенгдошдек тутарди.
Омон ака ўзбек адабиётининг юксак чинорларидан бири эди. Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Чўлпон Эргаш, Маъруф Жалил каби шеъриятимиз обу ҳавосини белгилаб тургувчи ижодкор эди. Айни шу сабабдан ҳам унинг мероси адабиётимизнинг келгуси тақдирига ҳам жуда узоқ йиллар таъсир кўрсатади, деб ўйлайман. Илоҳим, Аллоҳи Карим раҳматига олган бўлсин.”
***
Бошқалардек севишдик биз ҳам,
Куйиб юрдик бошқалар каби.
Бу савдони бахт билдик биз ҳам,
Бахтдир, дедик висол, ёр лаби.
Бошқалардек дуч келиб қолсак,
Олислардик минг бор қайрилиб.
Мана, биз ҳам бебахт, беқарсак
Бошқалардек кетдик айрилиб.
Ишқнинг колди фақат озори,
Қалам, қоғоз — мерос бир ялов.
Қалбимдадир ишқнинг мозори,
Ёниб ҳолди унда бир олов.
Ишқдан фақат шу қолди менга,
Олов ёнар, сенчи, йўқсан, ёр.
Келолмайсан ўз мақбарангга,
Унга гуллар қўяр бошқалар.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.