Сендек менга бир ёри жафокор топилмас,

Мендек сенга бир зори вафодор топилмас.

 

Бу шакл-у шамойил била худ ҳур-у парисен,

Ким жинси башар ичра бу миқдор топилмас.

 

Ағёр кўз олида-у ул ёр аён йўқ,

Ғам хори кўнгул ичра-ю ғамхор топилмас.

 

Эй гул, мени зор этмаки ҳуснунг чаманида,

Кўзни юмуб очқунча, бу гулзор топилмас.

 

Бобур сени чун ёр деди, ёрлиғ этгил,

Оламда кишига йўқ эса, ёр топилмас.