Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида навоийшунос олим, академик Абдулла Аъзамнинг “Аброрлар ҳайрати” китоби тақдимоти ўтказилди. Унда ёзувчи-шоирлар, уюшма вакиллари, адабиёт ихлосмандлари, ёш ижодкорлар асарнинг мазмун-моҳиятидан хабардор бўлди.

    Тақдимотда Ўзбекистон халқ шоирлари Сирожиддин Саййид, Усмон Азим, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев Абдулла Аъзамнинг нафақат математика оламида, балки навоийшуносликда ҳам ҳеч бир олимдан қолишмаслиги ҳақида сўз юритди. Китоб ҳажм жиҳатдан у қадар катта бўлмасада, жуда кўп изланишларнинг натижаси экани кўриниб турибди. Унга жам бўлган қизиқарли ва моҳиятан чуқур маълумотлар эса дунёларга тенглиги айтиб ўтилди. Олимнинг ғазални, арузни яхши тушуниши эса алоҳида эътироф этилди.

     – Ушбу китоб Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” достонига бағишланган, – дейди профессор Абдусалом Умаров. – Муаллиф бир неча йилдан буён шоир асарларини тадқиқот қилиб келмоқда. Бу асари орқали олим ўзининг файласуф сифатидаги истеъдодини очиб беришга ҳаракат қилган ва бунга эришган ҳам.

    Мазкур асарда муаллифнинг илмга, сўз санъатига масъулият билан ёндашганига гувоҳ бўласиз. Китобни ўқир экансиз, унинг узоқ йиллар давомидаги илмий изланишлари, навоийшунослик оламидаги кашфиётларига дуч келасиз. Унда Навоийнинг ижодий олами, кўплаб тарихий воқеалар мазмуни чуқур очиб берилган. Асар шоир ғазаллари таҳлилини ва бошқа ҳодисалар тафсилотларини ўзида жамлаган. Энг муҳими китобда илгари сурилган ғоя инсон кўнглидаги туйғуларни янада баланд нуқталарга кўтаради. Тақдимотда сўзга чиққан адабиётшунослар асарнинг ана шу жиҳатларига ҳам эътибор қаратишди.

Зулайҳо Аҳмаджонова,

журналист.