Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида Япон тили ва маданияти марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда университетнинг профессор-ўқитувчилари, Ўзбекистонинг Япониядаги элчихонаси вакиллари ЗООМ платформаси орқали иштирок этди. Шунингдек, Нагоя университетининг Ўзбекистондаги мутассадилари қатнашдилар. Марказнинг асосий вазифаси Самарқанд давлат университети ва Япония олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, талабаларга япон маданияти ва тилини ўргатишдан иборат.

    Профессор-ўқитувчилар алмашинув дастури асосида талабаларимизга япон тилини ўргатиш учун Япониянинг Сока университетидан малакали ўқитувчи Нозоми Кусака ташриф буюрган, - дейди ижтимоий-гуманитар фанлар кафедраси мудири, доцент Феруза Рашидова. Хорижий тил ва адабиёт (инглиз тили) таълим йўналишида таҳсил олаётган 200 га яқин талабаларимизга иккинчи тил сифатида япон тили ўргатилмоқда. Бу талабалар хоҳишига қараб Японияга бориб ўқишларини давом эттиришлари мумкин. Қолаверса, дастур асосида профессор-ўқитувчиларимизни Сока ва Нагоя университетларига юбориш ҳам режалаштирилган.

    - Самарқанд давлат университети мен учун қадрли. Бундан икки йил олдин ҳам келиб, бу ердаги шароитлар билан танишганман, - дейди Нозоми Кусака. – Бу ердаги талабаларнинг илмга чанқоқлиги мени ҳайратда қолдиради. Ҳозирда ташкил этилган япон тили ва маданияти марказимизда нафақат Самарқанд давлат университети талабалари, балки вилоятдаги бошқа олий таълим муасассалари ёшлари ҳам келиб билим олишлари мумкин. Бундан ташқари япон мамлакатининг урф-одати, маданияти, тарихи ҳақидаги тасаввурга эга бўладилар. Сока университети ҳар доим ўзбек миллий маданияти, адабиётига алоҳида эътибор қаратади. Ўтган йили Сока университетида Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги кенг нишонлади.

Беҳруз Шамсиддинов

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими,

Шавкат Акрамов олган суратлар.