Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети биология факультети докторанти Шуҳрат Валиев, Словакия, Қозоғистон, Хитой Халқ республикларида “Экологик муаммолар, яйловларни қайта тиклаш ва чўлланишни олдини олиш” мавзусида тадқиқот олиб борган.

        Ҳозирда “Яйлов экотизмларини антропоген омиллар таъсиридаги экофизиологик ўзгаришлар” мавзусида Самарқанд вилояти Нуробод туманининг Қарнобчўл майдонида изланишлар олиб бормоқда.  Илмий раҳбари, биология фанлари номзоди, доцент Тошпўлот Ражабов.  

        Тадқиқотчи мавзуга оид мақолалари билан АҚШ, Англия, Хитой, Қозоғистон, Германия каби давлатлардаги халқаро конференцияларда иштирок этиб келмоқда.

        - Тадқиқот ишининг асосий мақсадидан келиб чиқиб, бир нечта вазифалар белгилаб олинган. Жумладан, Қарнобчўл ҳудудидаги тарқалган асосий доминант ўсимликлар ҳолатини ўрганиш, уларнинг антропоген омиллар таъсиридаги экофизиологик ўзгаришларни икки хил тупроқ шароитида олиб боряпман, - дейди докторант Шуҳрат Валиев. – Чорва молларини мунтазам боқилиши натижасида Қарнобчўл ўсимликлар қопламининг деградацияга учраши жадаллашмоқда. Шунингдек, озуқабоп ўсимликларнинг турларининг камайиб бориши ва улар ўрнига яйлов учун бегона бўлган ўсимликлар сони ортиб, биохилмахиллика жиддий зарар кўрсатиши билан биргаликда чўлланиш жараёнини тезлашишига олиб келмоқда. Тадқиқотларимизда яйловлардан барқарор фойдаланиш, чорва молларини боқилишини тартибга солиш, озуқабоп бўлган ўсимликларни кўпайтириш йўлларини ишлаб чиқиш асосий мақсад қилинган.

          Бундан ташқари ёш олим, тадқиқот доирасида БМТ нинг “Тараққиёт дастуридаги” “Биохилмахилликни сақлаш ва улардан оқилона фойдаланиш” мавзусидаги лойиҳасида қатнашиб келмоқда. Бундан асосий мақсад, яйловардан озуқабоп ўсимлик турларини кўпайтириш ва уларнинг бирламчи уруғчилик базаларини ташкил қилиш бўйича илмий ва амалий ишлар олиб бориш назарда тутилган.

 

Беҳруз Шамсиддинов

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими,

Шавкат Акрамов олган сурат