Самарқанд давлат университети талабаси Республика танловида ғолиб бўлди…
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Маънавият ва Маърифат маркази томонидан эълон қилинган “Ватан тараққиётига менинг ҳиссам” шиори остида ўтказилган мақолалар танловини баҳолаш жараёни якунига етди. Бунда 4 йўналиш бўйича икки ярим мингдан ортиқ иштирокчи ўзининг мақолалари билан қатнашди.
Самарқанд давлат университети юридик факультети талабаси Алижон Собиров танловда “Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик – ўзбек халқининг юксак қадриятидир” йўналиши бўйича қатнашиб, иккинчи ўринни қўлга киритди. Танловда “Толерантлик – тинчликни таъминловчи атрибут сифатида” мавзуси билан иштирок этди.
Алижон Собировнинг бу кунга қадар 10 га яқин илмий мақолалари Россия, Болгария, Ҳиндистон каби давлатларнинг нуфузли журналларда нашр этилган. Ҳозирда “Ноосфера – жамият тарққиётининг субстанцияси сифатида” мавзусида илмий иш олиб бормоқда. Илмий раҳбари фалсафа фанлари доктори, доцент Гулноза Султонова.
- Бу кунга қадар бир қатор илмий ва бадиий мақолаларим нуфузли газета ва журналларда чоп этилган. Ушбу танловда “Толерантлик – тинчликни таъминловчи атрибут сифатида” мавзусидаги илмий мақолам билан иштирок этдим, - дейди Самарқанд давлат университети юридик факультети талабаси Алижон Собиров. – Толерантлик, яъни бағрикенглик миллатлар ва диний конфессиялар орасида тинчликни таъминловчи ва барқарорликка етакловчи бир омилдир. Зеро, бағрикенглик бошқаларнинг фикр, ғоя, мафкуравий қарашларига ҳамда уларнинг ҳатти-ҳаракатларига нисбатан ҳурматда бўлишни англатади. Бағрикенгликни зидди сифатида эса, мутассиблик ва эгоизм каби иллатларни кўришимиз мумкин…

Беҳруз Шамсиддинов
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими,
Шавкат Акрамов олган суратлар.

