Тупроқнинг экологик ҳолатини яхшилаш ҳосилдорликнинг янада ортиши учун хизмат қилади
Самарқанд давлат университети география ва экология факультети докторанти Матлуба Элмуродова “Органик ўғитлар ва резоком-1 препарати уйғунлашувининг ғўза агросенозига таъсирини экологик баҳолаш (Қашқадарё вилояти типик бўз тупроқлари мисолида) мавзусида илмий тадқиқотлар олиб бормоқда. Илмий раҳбари профессор Нурали Холмонов.
Мавзуга оид илмий мақолалари Россия, Ҳиндистон, Германия каби давлатларнинг нуфузли журналларида нашр этилган.
Бугунги кунга келиб, суғориладиган ерларда алмашлаб экиш тизимига амал қилмаслик, доимий равишда тартибсиз ҳолда фойдаланиш оқибатида тупроқнинг экологик ҳолати издан чиққан.
Натижада ерлардаги ҳосилдорлик миқдори камайиб бормоқда. Ушбу ерларнинг экологик ҳолатини яхшилаш, шунингдек, ғўза экинини маҳсулдорлигини ошириш бугунги куннинг долзарб муаммосига айланиб улгурди. Шу мақсадда, тадқиқотчимиз Қашқадарё вилоятида типик бўз тупроқлари ҳолатини яхшилаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш юзасидан ўзининг дастлабки ишларини бошлаб юборган. Бу борада Матлуба Элмуродова органик ўғитлар ва резоком-1 препаратини уйғунликда қўллаш орқали ғўза агросенози маҳсулдорлиги ва тупроқ унумдорлигининг экологик ҳолатини яхшилашга эришган.
- Органик ўғитларни қанча миқдорда ва қандай усулда беришимиздан қатъий назар, улар тупроқнинг биологик хусусиятларига ижобий таъсир кўрсатади, - дейди тадқиқотчи Матлуба Элмуродова. - Уларни резоком-1 бактериал препарати билан уйғунликда қўллаганимизда тупроқнинг ҳайдов қатламида микроорганизмлар сони назорат вариантига нисбатан мавсум ўртасида 4-5 мартагача ошади. Бу эса ўз навбатида тупроқ унумдорлигига ижобий таъсир кўрсатиб, ғўзанинг ҳосилдорлигини гектарига 0.43-0.68 тоннага оширишга хизмат қилади.
Беҳруз Шамсиддинов
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими,
Шавкат Акрамов олган суратлар.

