Нима учун молекулаларнинг таъсир даражасини ўрганиш фан учун доим долзарб? Унинг тиббиёт, фармацевтика, ишлаб чиқариш ва озиқ-овқат саноатига қандай боғлиқлиги бор?
Самарқанд давлат университети оптика кафедраси докторанти Ўткиржон Холиқулов “Водород боғланишли молекуляр комплексларнинг комбинацион сочилиш спектрлари” мавзусида илмий изланиш олиб бормоқда.
Тиббиёт, фармацевтика, ишлаб чиқариш ва озиқ-овқат саноатида модданинг хусусиятларини билиш муҳим ҳисобланади. Унинг физик ва кимёвий имкониятлари эса таркибидаги молекулалараро ўзаро таъсирлар табиатига боғлиқ. Ушбу таъсирлар ичида водород боғланиш муҳим роль ўйнайди. Мазкур боғланишнинг спектрал намоён бўлиши ҳали тўлиғича ўрганилмаган ва ҳозирги кунга қадар долзарб масалалардан бири бўлиб келмоқда.
- Дунё олимлари томонидан ўтказилган тадқиқотларга кўра, молекулаларнинг таъсир даражасини ўрганиш фаннинг зарурий шартидир, - дейди тадқиқотчи Ўткиржон Холиқулов. - Чунки молекулалар мураккаб биологик комплекслар, турли оқсиллар ва тирик организмларнинг ишлашига сезиларли даражада таъсир кўрсатиш хусусиятига эга. Бу жараёнда молекулаларнинг ички тузилиши, ундаги бўладиган жараёнларни тадқиқ этиш унинг имкониятларини аниқлашга ёрдам беради. Биз эса уни хусусиятига қараб, қайси соҳада қўллаш жоизлигини аниқлаб берамиз. Илмий ишим бу жараёнлар ичида энг муҳим бўлган водород боғланишли молекулалар билан боғлиқлиги менга катта масъулият юклайди. У сувдан тортиб, ДНК гача бўлган кўплаб оддий ва мураккаб молекулаларнинг тузилишини бошқаради. Шунингдек, мазкур водород боғланиш замонавий физиканинг энг мураккаб муаммоларини ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Ҳозирда, у биологик суюқликлар ва кристаллардаги водород боғланишли молекуляр комплексларнинг тузилишини ўрганмоқда. Бунда уларнинг ҳосил бўлиш механизми билан боғлиқ фундаментал ва амалий масалаларни ҳал қилиш, уларнинг комбинацион сочилиш спектрларида намоён бўлишидаги қонуниятлар ҳам муҳим роль ўйнайди.
Шунингдек, тадқиқотчимиз инглиз тилида эркин сўзлаша олади. 4 ўқув қўлланмаларнинг ҳаммуаллифи.
Бугунги кунга қадар Ўткиржон Холиқуловнинг профессор Абдувоҳид Жумабоев илмий раҳбарлигида хорижий мамлакатларда 10 га яқин, республика миқёсида 15 дан ортиқ тезислар, шунингдек, хорижда 3 та илмий мақоласи чоп этилиб, илм аҳли ва жамоатчиликнинг эътибор марказида бўлиб келмоқда…
Отабек Саъдуллаев,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган сурат.

