Сенинг замондошинг, тенгдошинг, курсдошинг...
Чемпионлар қандай оилада улғаяди?
Самарқанд давлат университети спорт фаолияти ва санъат факультети талабаси Ситора Турдибекова, 2019 йилдан бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси. Жаҳон ва Осиё чемпионатлари совриндори. Уч карра Ўзбекистон чемпиони.
- Бокс билан ўн уч ёшимдан шуғулланаман. Бунга отам сабабчи бўлган. Олти йилдан буён Шариф Нарзиқулов мураббийлиги остида машғулот олиб бораман, - дейди Ситора Турдибекова. - Бугунга қадар бир қатор натижаларга эришдим. Қозоғистонда олтин медаль, Белорусда 3-ўрин, Польшада Жаҳон чемпионатида 3-ўрин, Бирлашган Араб Амирликларида Осиё чемпионатида 1-ўрин ва куни кеча Тошкентдаги Осиё чемпионатида 3-ўринни қўлга киритдим.
2020 йили Самарқанд давлат университети спорт фаолияти ва санъат факультетига ўқишга кирдим. Мен май ойида бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида ва Париж-2024 олимпиада ўйинларида иштирок этиб, юртимиз шарафини ҳимоя қилмоқчиман…
- Тўрт нафар қизим бор. Ситорахон учинчиси, - дейди Шавкат Қорабеков. – Мен ўзим курашчиман. Чемпион бўлиш орзуим эди, бу ниятимни қизим Ситорахон амалга оширди. Қўлидан етаклаб бокс залига олиб борганим кечагидек хотирамда. Тўғри, бошида кўникиши қийин бўлди. Тинмай меҳнат қилди. Баъзан уйда биргаликда камчиликлари устида шуғулланамиз. Ҳар сафар жангларини кузатиб бораман бутун вужудимни изтироб ва ҳаяжон қамраб олади. Баъзида зарбалар ўтказиб юборади. 2020 йилда Истанбулда халқаро турнерга тайёргарлик пайтида қўлидан қаттиқ жароҳат олди, деярли бир ой даволанди. Жуда хафа бўлдим. Вақт ўтган сайин ҳаммаси изига тушиб кетди. Ситорахон Дубайдаги Осиё чемпионатида биринчи ўринни қўлга киритганида Президентимиз фармони билан «Шуҳрат» медали билан тақдирланди. Ўшанда онаси билан хурсандчилигимиз ичимизга сиғмай кетганди. Келгусида Жаҳон ва Олимпиада ўйинларида ғалаба қозонишига ишонаман.









Беҳруз Шамсиддинов
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими

