Бир бутун дунё учун...
Самарқанд давлат университети ва АҚШ нинг Вайоминг университети ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди
Самарқанд давлат университетига Америка Қўшма Штатларининг Вайоминг университети Глобал ҳамкорлик бўйича проректори Айседор Хелфготт бошчилигидаги олимлар ташриф буюрди.
Самарқанд давлат университети ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси, профессор Рустам Холмуродов меҳмонлар билан мулоқотда икки томонлама ҳамкорлик ўрнатиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, академик алоқаларни яхшилаш, биргаликда илмий тадқиқотлар олиб бориш юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди...
Айседор Хелфготт, Вайоминг университети глобал ҳамкорлик бўйича проректори:
- Самарқанд давлат университети билан ҳамкорлик икки томон учун ҳам манфаатли бўлишига ишонаман. СамДУ ректори Рустам Холмуродов амалий ишларга тўғридан-тўғри ўтишни таклиф этди. Қайси мутахассислар тайёрлашда бизнинг кўмагимиз кераклигини алоҳида таъкидлади. Ўқиш ва ўқитишда талаб ва истакларни ўрганишимиз кераклигини билдирди. Бугунги учрашувда университетларимиз ўртасида кадрлар алмашинувини йўлга қўйишга алоҳида аҳамият қаратдик. Хусусан, ҳамкорликдаги илмий тадқиқотларга эътибор бериш, уларни амалда қўллаш, иқлим ўзгариши муаммоларини биргаликда бартараф этиш борасида фикр алмашдик. Самарқанд жуда қадимий ва афсонавий шаҳарлардан бири. Самарқанд шаҳрига қизиқиш менда болалигимдан пайдо бўлган. Отамнинг ўзбек тилига қизиқиши катта эди. Бир йил ўзбек тилини ўргатиш курсига қатнаган. Айниқса, у Самарқандни яхши кўрарди. Ўзбекистонга келганимни эшитганида жуда хурсанд бўларди.
- Иқлим ва сув муаммолари бўйича глобал масалалар талайгина, - дейди Вайоминг университети профессори Жон Копровский. - Самарқанд давлат университетида ҳам мазкур йўналиш долзарб ва муҳим саналиши мени жуда қизиқтириб қўйди. Хусусан, бу соҳанинг ўрганилиши келажагимиз учун зарур. Унинг асосий ечими илмий асосланган тажрибаларга таянилади. Шу боис, Самарқанд давлат университети билан ҳамкорлик қилиш икки томонлама манфаатли бўлади, деб ўйлайман.
Шунингдек, икки университет ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, келгусидаги истиқболли лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди.



Отабек Саъдуллаев,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.

