Самарқанд давлат университети халқаро таълим дастурлари факультети табиий ва аниқ фанлар кафедраси профессори, ҳиндистонлик олим Кристо Анант билан икки кунлик онлайн халқаро вебинар бўлиб ўтди. “Сунъий интеллект ва машиналарни ўрганиш” мавзусидаги ушбу халқаро вебинарда ўзбек ва ҳинд талабалари ҳамда профессор ўқитувчилар ва тадқиқотчилар иштирок этди. Вебинарни ташкил қилишда Ҳиндистон таълим вазирлиги Фан бўлимининг малака ошириш маркази (IQAC), Фан ва бошқарув коллежи ҳамкорлик қилишди. Бундан кўзланган асосий мақсад ёшларни замонавий илм-фан техника соҳаларини кенг тарғиб қилиш ва янги истиқболдаги технологиялар билан таништиришдир. Шунингдек, сунъий тафаккур (СТ), у билан боғлиқ фан ва ишлаб чиқариш тармоқлари, машинали ўқитиш, IoT (буюмлар интернети) технологиясига доир маълумотлар берилди.

    - Ушбу вебинар ўзбек ва ҳинд талабалари ҳамда барча иштирокчилар учун катта қизиқиш уйғотди, - дейди табиий ва аниқ фанлар кафедраси мудири, профессор Акмал Ахатов.  - Айниқса, ахборот технологиялари, сунъий тафаккур бўйича истиқболли илмий лойиҳалар, робототехника ва электроника соҳаларидаги маърузалар уларнинг эътирофига сазовор бўлди. Вебинар профессор-ўқитувчиларнинг халқаро ҳамкорлик бўйича тажрибаларни ошириш ва жаҳон илмий ҳамжамиятини университет фаолияти билан таништириш ҳамда олийгоҳ рейтингини оширишга асос бўлади.

    - Самарқанд давлат университети мен фаолияти юритган олийгоҳлар ичида энг қадимий ва нуфузли олий ўқув юртидир, - дейди профессор Кристо Анант. – Ўзбекистон ва Ҳиндистон таълим муассасалари билан ҳамкорликда ташкил этилган “Суний тафаккур ва машинали ўқитиш” мавзусидаги халқаро вебинарда буюмлар интернети, замонавий математика татбиқлари, биоинженерия каби соҳалар юзасидан батафсил маълумотлар берилди. Ушбу соҳаларга ўзбекистонлик ёш тадқиқотчилар катта қизиқиш билдираётгани таҳсинга сазавор. Шу ўринда Самарқанд давлат университети фаолияти мунтазам такомиллашиб боришини алоҳида таъкидлаб ўтишим жоиз. Айниқса, халқаро эътироф этилган рейтинг ташкилотларининг биринчи 1000 талик рўйхатига киритиш учун маъсул бўлган Трансформация офиси ташкил этилганлиги эътиборимни жалб қилди. Таранформация офиси орқали университетнинг халқаро нуфузи ва илмий салоҳиятини янада ошишига ишонаман. Бу бўйича бўладиган ҳар қандай янгиликларни қўллаб-қувватлайман.

Беҳруз Шамсиддинов
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими,
Шавкат Акрамов олган суратлар