Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

    “Олий таълим муассасаларида қишки таътилдан кейинги ўқиш онлайн шаклда бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар юзасидан

    Сўнгги кунларда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари кўпайгани сабаб жамоатчилик ўртасида қишки таътилдан кейинги ўқиш онлайн шаклда бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

    Хабарингиз бор, ректорлар, проректорлар, деканлар ва молия масалаларига масъуллар учун жорий йил 10-24 январь кунлари амалий семинар-тренинглар ташкил этилиши муносабати билан олий ва профессионал таълим муассасалари, академик лицей талаба-ўқувчилари учун қишки таътил муддати 2022 йил 24 январга қадар узайтирилиган эди.

    Шу ўринда, белгиланган тартибга кўра, коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазият юзасидан Республика махсус комиссияси қарор қабул қилади ҳамда  барча идора ва ташкилотлар, шу жумладан, олий таълим муассасалари ҳам мазкур қарор асосида иш юритади.

    Бу борада Республика махсус комиссияси қарор қабул қилган тақдирда вазирлик расмий манбалари орқали қўшимча маълум қилинади.

    Шу сабабли барча ижтимоий тармоқ фойдаланувчилардан асосланмаган хабарлар тарқатмасликларини, жамоатчиликдан эса фақат расмий манбалар орқали эълон қилинадиган хабарларга ишонишларини сўраб қолардик.

    Вазирлик ахборот хизмати расмий маълумот олишда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқ фаоллари учун ҳамиша ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини маълум қилади. Бунда @eduuzaxborotxizmati_bot телеграм боти ёки 71-207-15-86 рақами орқали мурожаат қилишлари сўралади.

    Фуқаролар 1006 ишонч телефони ва 71-230-64-64 call-маркази орқали ўз мурожаатларини йўллашлари мумкин”.