Самарқанд давлат университети ўзбек тили ва адабиёти кафедраси докторанти Ирода Эрназарова. Ҳозирги кунда “Муаллиф сўз ижодкорлигининг лисоний-когнитив таҳлили (Эшқобил Шукур ижоди мисолида)” мавзусида илмий тадқиқот ишларини олиб бормоқда. Илмий раҳбари профессор Ибодулло Мирзаев.

    Тадқиқотчининг   20 дан ортиқ илмий мақолалари халқаро журналларда чоп этилган. Хусусан, Ссопус базасининг индексланган журналларида, Индонезия, Америка, Россия, Ҳиндистон, Қозоғистон каби давлатларда тилшуносликка доир ишлари нашр этилган. 

    Ҳақиқий ижодкор сўз кашшофи сифатида ўз она тилининг латофатини кўз-кўз қилади. Шу билан бирга, унинг имкониятлари кенгайишига ўз ҳиссасини қўшади. Сўз ижодкорлиги масаласини тилшуносликнинг замонавий йўналишлари асосида таҳлил этиш эса ҳозирги замон тилшунослигининг муҳим вазифасидир.

    Аммо муаллиф сўз ижодкорлигининг кўплаб муҳим масалалари ўрганилмаганлиги, унинг бадиий нутқ, хусусан, шеъриятда  қўлланилиши тамойилларини  аниқлаш лозимлиги, муаллиф неологизмлари таркибий-мазмуний ва сўз ясалиши нуқтаи назаридан етарли даражада таҳлилга тортилмаганлиги ва бу масала ўзбек тилшунослигида алоҳида монографик тадқиқот объекти бўлмаганлиги мавзунинг долзарблигини белгилайди.

    - Ўзбек тилининг бой имкониятларини ўз ижодида акс эттирган ўзига хос санъаткор Эшқобил Шукурнинг сўз қўллаш маҳоратини ўрганиш тилшунослигимизда муҳим аҳамият касб этади, - дейди тадқиқотчи Ирода Эрназарова. - Эшқобил Шукур ўзбек тили луғат таркиби бойиши масаласига жиддий эътибор қаратадиган, бу борада чуқур мулоҳаза юритадиган ва ўз ижодида ўзбек тилининг кенг имкониятларини бор бўйича ифодалашга ҳаракат қиладиган ижодкордир. Ушбу жиҳатлар шоир ижодини ўрганиш унинг муаллифлик сўзларини чуқур илмий тадқиқ этишни тақозо этади. Эшқобил Шукурнинг сўз қўллаш санъати олам ҳақидаги қарашлари ифодаси, унинг тафаккур даражаси билан боғлаб ўрганиш диссертация ишининг долзарблигини белгилайди.

 

Оқарсув бўйида, оқшом чоғида,
Қари тол бошида ой порлаган пайт.
Озурда туйғулар қўналгоҳида
Менга сув тилида сирларингни айт.

Илкис тун сайрига шамол чақирса,
Шовқинли шаҳарни айлансанг секин.
Чор тарафда тинмай севинч бақирса,
Сен соғинч тилида бир нарса дегин.

Не кечар дунёнинг ўнгу сўлида
Туйғулар кўзёшдай қалқиб турган пайт.
Ҳамма лаққилласа бозор тилида,
Сен кўнгил тилида бирор жумла айт.

Қандай тушунтирай ҳолимни сенга,
Эгик бошим узра ойдай ёғду соч…
Барини бир четга қўйгинда, менга
Сукунат тилида юрагингни оч…

Эшқобил Шукур

Беҳруз Шамсиддинов,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими,
Шавкат Акрамов олган сурат.