Талабалар Томск давлат университети ва Лондон иқтисодиёт мактабига ўқишга юборилади…

Самарқанд давлат университети халқаро таълим дастурлари факультетида Томск давлат университети қошидаги Иқтисодиёт ва менежмент институти (Россия) профессор-ўқитувчилари билан семинар бўлиб ўтди. Бунда факультет ўқитувчилари, талаба ва уларнинг ота-оналари Зоом дастури орқали онлайн иштирок этдилар. 2022-2023 ўқув йилдан бошлаб Томск давлат университетига белгиландан дастур асосида бакалавр босқичидаги талабаларни ўқишга юбориш бўйича кўрсатмалар берилди. Хусусан, Россиядаги олий таълим тизими, яратилган имкониятлар бу борадаги қилиниши лозим бўлган ишлар муҳокама қилинди. Шунингдек, Томск давлат университетининг доимий равишдаги ҳамкори Лондон иқтисодиёт мактабидаги ўқиш имкониятлари, магистратура босқичида таҳсил олиш шартлари айтиб ўтилди.
- Томск давлат университети билан 2020 йилдан бошлаб ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйганмиз. Ҳозирги пайтгача ўндан ортиқ магистрант талабаларимиз таҳсил олмоқда, -дейди халқаро таълим дастурлари ижтимоий-гуманитар фанлар кафедраси мудири, доцент Феруза Рашидова. – Эндиликда илк маротаба келаси ўқув йилидан бошлаб бакалавр босқичидаги талабаларимизни ҳамкорлик асосида ўқитиш бўйича меморандум имзолаганмиз. Шунингдек, талабаларимиз учун яна бир асосий имконият параллель равишда хоҳишига қараб, Лондон иқтисодиёти мактабида (Буюк Британия) таълим олишлари мумкин. Бу албатта, ҳозирги кунда рақамли иқтисодиёт ва иқтисодиёт йўналишларида етук кадрларни етиштиришда муҳим аҳамият касб этади.
- Икки йилдан буён Самарқанд давлат университетига ташриф буюраман. Ҳар гал келганимизда бу ердаги муҳит билан яқиндан танишаман, имкониятларини ўрганаман, - дейди Томск давлат университети проректори, доцент Виктория Маковеева. – Бу сафарги ташрифимда ҳам ҳозирги кундаги ўзгаришларга беэътибор бўлмадим. Яқинда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган Самарқанд давлат университетини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори мени ҳам жуда қувонтирди. Сабаби, яқин ҳамкоримизнинг илмий салоҳияти, таълим сифати, халқаро нуфузни янда ошишга хизмат қиладиган муҳим қарор имзоланган. Келажакда Физика муҳандислик ва Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институтларида етишиб чиққан кадрлар нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон мамлакатларидаги долзарб муаммоларни ўрганишига хизмат қилишига ишонаман. Бу борада биз доимий равишда ҳамкорлик ишларини давом эттиришга тайёрмиз.
Беҳруз Шамсиддинов
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими,
Шавкат Акрамов олган суратлар