Самарқанд давлат университетининг Ургут филиали ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига https://samdu.uz/uz/news/20814 кўра, педагогика, ахборот технологиялари ва ҳудудда кадрларга эҳтиёж юқори бўлган бошқа соҳаларда кадрлар тайёрловчи Университетнинг Ургут филиали (кейинги ўринларда – Филиал) ташкил этилди.
Қуйидагилар Филиалнинг асосий фаолият йўналишлари этиб белгиланди:
- меҳнат бозорида рақобатбардош, амалий кўникмаларни эгаллаган олий маълумотли мутахассислар ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
- етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, таълим жараёнига илғор педагогик ва масофавий таълим технологияларини, илм-фан ва техниканинг янги ютуқларини жорий этиш;
- ўқув режаларини тегишли соҳаларнинг ривожланиш истиқболлари ва устувор вазифаларини ҳисобга олган ҳолда шакллантириш, ўқув ва илмий-тадқиқот лабораторияларининг замонавий моддий-техника базасини яратиш;
- ўқув жараёнини талабаларда мустақил таълим олиш, тизимли таҳлил қилиш, ижодий фикрлаш ва амалий, жумладан, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга йўналтириш;
- илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйиш, ишлаб чиқариш ташкилотларининг муаммоларини ечишга қаратилган илмий, амалий ва инновацион тадқиқотларни ривожлантириш;
- таълим ва илмий изланишлар жараёнига малакали мутахассисларни жалб этиш, республика ҳамда етакчи хорижий олий таълим муассасалари ва илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;
- талабаларга таълим олиш ва илмий фаолият билан шуғулланиш учун шарт-шароит яратиш ҳамда чет эл фуқаролари учун таълим олиш имкониятини кенгайтириш;
- илмий-педагогик салоҳиятни ошириб бориш, жумладан, профессор-ўқитувчилар стажировкаси ва малака оширишини нуфузли республика ва хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида ташкил этиш.
Шунингдек:
Агробиотехнологиялар институти, Муҳандислик институти ва Филиалда таълим фаолияти 2022/2023 ўқув йилидан бошланади ҳамда ўқув жараёни кредит-модуль тизими асосида олиб борилади;
Университетнинг агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги факультети бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида таълим олаётган талабалар ўқишини Агробиотехнологиялар институтида давом эттиради;
Университетнинг физика ва математика факультетлари таркибидаги амалий бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида таълим олаётган талабалар ўқишини Муҳандислик институтида давом эттиради;
Филиал Ургут туманидаги умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари ўқитувчиларига илмий-услубий ёрдам кўрсатиб боради;
Агробиотехнологиялар институти, Муҳандислик институтининг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳисоби Молия вазирлиги Ғазначилигида очилган Университетнинг шахсий ғазна ҳисобварақларида юритилади, Филиал эса Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади;
Агробиотехнологиялар институти, Муҳандислик институти ва Филиал директори, директор ўринбосари меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари ва миқдорлари бўйича тегишли равишда олий таълим муассасаси филиали директори ва филиал директори ўринбосарига, бошқа ходимлар эса олий таълим муассасалари ходимларига тенглаштирилади;
Агробиотехнологиялар институти, Муҳандислик институти ва Филиал фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ харажатлар, жумладан, бино ва иншоотларни таъмирлаш ва жиҳозлаш – Университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.