Самарқанд давлат университети профессори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, филология фанлари доктори Ҳотам Умуров 80 ёшни қарши олди
Самарқанд давлат университетида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, филология фанлари доктори, профессор Ҳотам Умуровнинг 80 йиллигига бағишланган “Адабиёт назариясининг долзарб муаммолари” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Тадбирни Самарқанд давлат университети ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси, профессор Рустам Холмуродов кириш сўзи билан очиб, Ҳотам Умуровни бугунги қутлуғ кун билан табриклади, ўзининг самимий тилакларини билдирди.
Самарқанд адабий муҳитини Ҳотам Умуровсиз тасаввур қилиб бўлмаслигини, Самарқанд давлат университетининг илмий-ижодий муҳитини шакллантиришда олимнинг қўшган беқиёс ҳиссасини алоҳида таъкидлади.
Шундан сўнг, Самарқанд вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Хуршид Очилов Ҳотам Умуровни ушбу қутлуғ кун билан муборакбод этди. Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг табригини ўқиб эшиттирди, эсдалик совғалари топширди.
Сўз санъати тарихи ва назарияси билимдони Ҳотам Умуровни таниқли адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул, Улуғбек Ҳамдам каби ижодкорлар ҳам самимий қутладилар.
- Устоз Ҳотам Умуров – Самарқанд давлат университетининг ҳақиқий жонкуяр, қаттиққўл, талабчан профессори, ёшларнинг энг яқин маслаҳатгўйи, - дейди филология факультети декани, профессор Азамат Пардаев. - Олим илмий фаолияти давомида бугунгача 10 дан ортиқ фан номзоди, 3 нафар фан докторларини етиштирган. Уч дарслик, 100 га яқин монографиялар, ўқув қўлланмалари, рисолалар, ўқув-услубий тавсиялар, адабий-танқидий мақолалар тўпламларини эълон қилган. Жами эълон қилинган илмий ишлар сони 500 дан ортиқ. Ҳотам Умуровни бугунги қутлуғ кун муносабати билан жамоамиз номидан чин дилдан, самимий муборакбод этаман. Устозимизга сиҳат-саломатлик, бардавом ижодий марралар тилайман.









Конференция юқори кайфиятда, кўтаринки руҳда ўтказилди.
Samarqand davlat universiteti
Axborot xizmati.

