Таътилда вақтингизни қандай қилиб мазмунли ўтказиш мумкин?
Мана қишки таътил ҳам бошланиб кетди. Таътил авваломбор фақатгина дам олиш ёки дўстлар билан ҳордиқ чиқариш учун эмас, балки ўз устида ишлаш ва дунёқарашини кенгайтириш ҳамдир.
Буюк Хитой файласуфи Конфуций айтганидек “Билимсизлик – инсоният учун энг қоронғу тундир”. Дарҳақиқат билим қоронғу тунда йўлингизни ёритувчи машъала кабидир. Билим олиш деганда, ўқиш учун тўғри танланган китоб ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Зеро, ҳар бир сониямиз олтинга тенг деганларидек, бу қимматли вақтимизи нима ва кимлар учун сарфлаётганимизга алоҳида эътибор қаратишимиз лозимдир. Қуйида сизлар учун «Лидерлар» канали асосчиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги раҳбарининг биринчи ўринбораси Отабек Хасанов томонидан ўқиш учун тавсия этилган китоблар рўйхатини ҳавола этмоқчиман:
1. Ҳамдам Содиқов “Амир Темур салтанатида хавфсизлик хизмати”
2. Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар”
3. Ўткир Хошимов “Дунёнинг ишлари”
4. Спенсер Джонсон “Gde moy sir?”
5. Радислав Гандапас “Xarizma lidera”
6. O.Salimov, M.Bekmurodov “Бошқарув ҳикмати”
7. Исхак Адизес “Adizes dlya Liderov”
8. Марк Блауг “100 velikix ekonomistov posle Keynsa”
9. Владимир Квинт “Стратегиялаш назарияси ва амалиёти”
10. Стивен Кови “Glavnoye vnimaniye glavnim veщam”
Бу китоблар барча соҳа ва турли йўналишларда таълим олувчи талабалар учун фойдалидир. Чунки, қандай соҳа ва қайси касб вакили бўлмасин раҳбарликка ва бошқарувга қизиқмайдиган лидерлик хислатларини шакллантиришга интилмайдиган инсон бўлмаса керак. Сизга тавсия этган китоблар рўйхати эса, ҳаётий вазиятларда ҳамда дунёқарашингизни кенгайтиришингизда албатта ас қотади.
Яқинларингиз, ота-онангиз учун вақт ажратинг
Дунёга келишимиз учун сабабчи бўлган инсонлар бу албатта ота-онадир. Сизнинг мана шундай кўркам ва навқирон ёшга етишингиз, ҳеч нарсага муҳтож қилмасликка ҳаракат қилган инсонлар учун ҳеч қачон меҳрингиз ва эътиборингизни аяманг. Зеро, улар ҳам омонатдир. Аксарият талабалар узоқ туман ва шаҳарлардан келиб таҳсил олишади. Ўқиш даврида ота-онангиз хизматини қилиш учун етарлича вақт ажратишнинг ҳам баъзида иложини тополмай қоласиз. Таътил эса бу имкониятни сизга тақдим этмоқда. Уларнинг дуоси ва ўгитлари сизни камолга етишингиз учун асосий таянчдир.
Жисмоний меҳнат билан шуғулланинг
“Ҳаракатдаманку дея эмакламоқ – бу ҳаракат эмас” деган эди Хитой файласуфи Конфуций. Албатта тана соғломлиги бу фикр теранлиги, ақл расолигидир. Катта жадаллик билан ривожланиб бораётган ҳозирги замонда барча имкониятлар, техникалар инсонларнинг енгил, қийналмасдан ҳаёт кечиришини таъминлаш учун хизмат қилмоқда. Бундай енгилликлар албатта инсонларни ҳаракатсизликка олиб келади. Масалан, оддийгина эрталаб ўқишга бориш учун ярим соатлик уйқу сабабми ёки бироз пиёда юрмаслик учунми машинада боришни ёки 3-4 қаватга зинада чиқиш ўрнига албатта лифтда кўтарилишни афзал биламиз. Ҳар бир яратилган янгиликни фойдали томони билан бирга зарарлари ҳам бор. Чунки, бизнинг танамиз ҳаракат учун юриш, югуриш, сакраш, жисмоний меҳнат учун мослашган. Агар биз кундалик ҳаётимизда жисмоний меҳнатни унутиб қўяр эканмиз, танамизда ортиқча вазн, таянч ҳаракат тизимидаги оғриқлар, ҳаракатсизлик туфайли қон айланиш системасининг бузилиши натижасида мийямизга етарли даражада кислороднинг етиб бормаслиги оқибатида ланжлик, уйқусираш, асабийлик кузатилади. Албатта, бундай ҳолат бизнинг билим олиш жараёнимизга ўзининг салбий таъсирини кўрсатмай қолмайди. Жисмоний меҳнат эса танангиз учун фойдали.
Реал воқеаларга асосланган ҳужжатли фильмлар томоша қилиш
Бундай фильмлар замирида биринчи навбатда ҳақиқат ва реал воқеалар ётади. Сиз томоша қилаётган хужжатли фильм қачонлардир содир бўлганлигини билиш эса сизнинг қалбингизда чуқур таассурот қолдирибгина қолмай хаёт сабоқларини ўрганишда бевосита ёрдамини беради.
Дилдора Сулайманова
Самарқанд давлат университети
Психология назарияси ва амалиёти кафедраси ўқитувчиси

