Самарқанд давлат университети талабаси, икки карра Осиё чемпиони Эъзозахон Ҳошимова: “Биатлон спорти инсонни нафақат жисмонан, балки маънан соғлом, ақлан етук бўлишига ундайди”…
Самарқанд давлат университети спорт фаолияти ва санъат факультети талабаси Эъзозахон Ҳошимова. Ёзги биатлон спорт тури бўйича икки марта Осиё, ўн икки карра Ўзбекистон чемпиони. 2015 йилдан бери Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. 2018 йилдан бошлаб биатлон спорт тури бўйича Самарқанд вилоят бош мураббийи.
Ёзги биатлон спорт тури бу югуриш ва маълум марраларга келиб, милтиқдан отиш, яъни икки марта (пойга ва отишда) мусобақалашиш.
- Ўн тўрт йилдан бери ушбу спорт тури билан шуғулланаман. Хоҳишимга кўра айнан биатлонни танлаганман. Биатлон спорт тури бўйича икки карра Жаҳон чемпиони Руслан Насиров мураббийлиги қўл остида шуғулланиб келаман, - дейди талаба Эъзозахон Ҳошимова. - Биатлон спорти инсонни нафақат жисмонан, балки маънан соғлом, ақлан етук бўлишига ундайди. Биринчи маротаба 2009 йилда ўсмирлар ўртасида Чирчиқ шаҳрида Ўзбекистон чемпионатида қатнашганман. Бунда 40 нафар иштирокчи ўртасида ўнинчи ўринни эгаллаганман. Бу натижа менинг илк мусобоқам бўлганлиги сабабли юқори натижа деб баҳолаганман. Кейинчалик олдимда қўйган мақсадларим ва астойдил қилган меҳнатларим боис, фахрли ва олий ўринларни қўлга киритиб келмоқдаман. Бу кунга қадар бир қатор ютуқларга эришдим. Жумладан, 2015 йил Қирғизистонда бўлиб ўтган мусобоқада спринт (3 км.) ва якка тартибдаги пойга (7 км.) йўналиши бўйича ғолиб деб топилиб, Осиё чемпиони бўлганман. Бундан ташқари ҳар йили ўтказиб келинадиган Ўзбекистон чемпионатида олий ўринларга сазовор бўлганман. 2021 йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтган Халқаро SAMARQAND HALF MARATHONда қатнашиб 2-ўринни қўлга киритиб, икки миллион сўм пул мукофотига эга бўлдим.
Ёшлигимдан спорт билан бирга ўқишга ҳам иштиёқим доим кучли бўлган. 2018 йил Самарқанд давлат университети спорт фаолияти ва санъат факультетига ўқишга кирганман. Малакали мутахассислар томонидан назарий ва амалий билимларни эгаллаб келмоқдаман. 2021 йил Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотининг “30 йиллик” эсдалик белгиси билан мукофотландим. Ўз олдимга улкан мақсадларни қўйганман. Жаҳон чемпионатида қатнашиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқчиман. Шунингдек, етук кадрларни етиштириб жаҳон ареналарида Ватанимиз байроғини кўкларга кўтаришни ўз олдимга мақсад қилиб олдим.

Беҳруз Шамсиддинов
Самарқанд даавлат университети
Ахборот хизмати ходими

