Самарқанд давлат университети доцентининг монографияси Молдовада чоп этилди…
Самарқанд давлат университети филология факультети ўзбек тилшунослиги кафедраси доценти Орзибони Юсупованинг (ҳаммуалиф СамДЧТИ талабаси Умар Яхшимуродов) “Ўзбек тилидаги кўрсатиш олмошлари” номли монографияси Молдованинг “Глобе Эдит” нашриётида чоп этилди. Мазкур монографияда ўзбек тили лексик-грамматик тизимида алоҳида хусусиятларга эга бўлган олмош сўз туркуми, кўрсатиш олмошларининг тарихий тараққиёт даврлари, тарихий шакллари, бу олмошларнинг қадимги туркий тил, эски туркий тил, эски ўзбек адабий тили ёзма ёдгорликларда учраши, ўша даврга оид манбалар асосида тадқиқ этилган. Кўрсатиш олмошларининг ҳозирги ўзбек адабий тилида қўлланилиши, морфологик, синтактик хусусиятлари ҳозирги давр замонавий ўзбек адабиётидан олинган мисоллар асосида ўрганилган.
- Монографиянинг муҳим томонларидан бири унда кўрсатиш олмошларининг синонимияси ва вариантлари батафсил таҳлил қилинган. Бундан ташқари кўрсатиш олмошларининг функционал-стилистик тизимда тутган ўрни аниқланган, - дейди доцент Орзибону Юсупова. – Шунингдек, расмий, илмий, публицистик, бадиий ва сўзлашув услублардаги стилистик ўзига хосликлари очиб берилган. Шу билан бирга ҳар бир услубнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида маълумотлар ҳам монографияни илмий жиҳатдан бойитган. Ўзбек тилидаги кўрсатиш олмошларининг нутқ жараёнида тутган ўрни, аҳамияти, ўзига хос коммуникатив ва стилистик хусусиятлари ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиш, бу борада муайян илмий хулосаларга келиш ҳамда бу хулосалардан амалда фойдаланишга шароит яратилган. Хуллас, монография кўрсатиш олмошларининг барча томонлари яхлит ҳолда тадқиқ этилганлиги билан аҳамиятга эга.
Бундан ташқари, доцент Орзибону Юсопованинг 2020 йилда “Ўзбек тилида содда гаплар социолингвистикаси ва лингвопоэтикаси” номли монографияси Германиянинг «Ламберт» нашриётида чоп этилган эди. Ўзбек тили синтаксисининг ўзига хос жиҳатлари, сўзлашув нутқи синтаксиси ва синтактик бирликларнинг лингвопоэтик хусусиятлари, бадиий имкониятлари, эмоционал-экспрессивлиги ёритилган ушбу монография дастлаб олти тилга, сўнг жаҳоннинг бошқа тилларига таржима қилинган. Ўзбек тили ифода имкониятларига бениҳоя бой тиллардан бўлиб, унинг беқиёс гўзаллиги, таъсир қудрати, бир сўзнинг турли кўринишларда товлана олиши, бир неча маъно англатиши сўзлашув нутқида, айниқса, бадиий матнларда яққол намоён бўлади. Монографияда тилимизнинг шу томонлари синтактик бирликлар мисолида тадқиқ қилинган бўлиб, бундай кузатишлар она тилимиз қаърида яширинган улкан хазинадан дунё халқларининг баҳраманд бўлишига сабаб бўлади. Ўзбек тилини жаҳонда тадқиқ ва талқин қилаётган чет эл тилшунос олимлари учун бир манба бўлиб хизмат қилади.

Behruz Shamsiddinov
Samarqand davlat universiteti
Axborot xizmati xodimi

