БИР НАФАС...

Бир нафас кўнглингга киролсам кошки,

Бир нафас кўнгилнинг торини чертсам.

Шалаббо руҳимни сийласанг жўшқин,

Сўзларингни тинглаб уйқуга кетсам.

 

Севги азобингдан ҳижронинг ширин,

Ўтмишим лавҳида қайғулар бисёр.

Бир шуъла бор, қовоғингга яширин,

Қара, кўксим узра жон берсин ғубор.

 

Меҳрингга покланса, зах босган бу дил,

Ўзимни унутгум, дунёни қўйиб.

Айрилиқ жомлари бўлади чил-чил,

Ёзсам, қоним ила исмингни ўйиб.

 

Ажриқ босар кўзни, соянгни излаб,

Кел эй фироқларинг, жонни олмасдан.

Кел эй ошиқларинг, йиғласин тизлаб,

Менда бонг ургувчи туйғу қолмасдан.

Санжар Исомий