Вилоятимиз банк тизими ходимлари ўртасида Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур танлов учун “Авесто” китобидаги “Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал” тамойили шиор қилинган ҳолда ўтказилди.

    Самарқанд давлат университети, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда ўтказилаётган ушбу танлов ходимлар ўртасида китобхонлик маданиятини оммалаштиришни, уларнинг маънавий-маърифий баркамоллиги, билим даражасини юксалтиришни мақсад қилган.

    Танлов уч босқичда бўлиб, икки шарт натижаларига кўра энг юқори балл тўплаган 11 нафар ходим финалда беллашди.

    Иштирокчилар финалда “Адабиёт билимдони”, “Буюк мутафаккир ва адиблар”, "Шеърият” шартлари бўйича ўз билим ва иқтидорини синовдан ўтказди.

    Финал чин маънодо адабиёт, назм ва наво байрами шаклида ўтказилди. Даврада йиғилган шоир ва ёзувчилар, сўз ихлосмандлари томонидан ўқилган шеър ва ғазаллар, қўшиқчи ва созанда Абдумалик Даминовнинг жонли ижродаги қўшиқлари финал файзига янада файз қўшди.

    Якунда ғолиблар диплом, статуетка, китоблар тўплами ва компьютерлар билан тақдирландилар.