Самарқанд давлат университети талабаси – Ёшлар элчиси…
Самарқанд давлат университети рақамли технологиялар факультети талабаси Маҳбуба Салимова «Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021» тадбирида қатнашди. Бунда иштирокчимиз ижтимоий ҳимояга муҳтож ва имконияти чекланган фуқароларга маҳаллаларда пандусларни ҳамда кўзи ожизлар учун пиёдалар йўлакчасида бўртма йўлакчаларни ташкил этиш таклифини илгари сурди.
- Форумда икки юз нафар номзод ўз таклифлари билан иштирок этди. Айнан шуларнинг орасидан йигирма кишининг таклифи ҳар бир йўналишлар бўйича инобатга олингани мени жуда қувонтирди, - дейди талаба Маҳбуба Салимова. – Бу ғояни илгари суришимдан асосий мақсад, имконияти чекланган ва кўзи заиф кўрувчиларнинг йўлини яқин ва бехатар қилишдан иборат. Сараланганларнинг таклифи юқори ташкилот томонидан кўриб чиқилмоқда. Бундан ташқари энг қувонарлиси, форум сабабли деярли бир-биримизни танимайдиган иштирокчилар билан танишдик, фикр алмашдик. Ўзим учун керакли маълумотларга эга бўлдим. Қайсидир маънода форумдан руҳландим. Бир қатор камчиликларим устида ишлашим керак эканлигига амин бўлдим. Тадбир сўнгида иштирокчилар қатори менга ҳам “Ёшлар элчиси” мақоми берилганлиги кейинги фаолиятимни янада яхшилашига хизмат қилади. Бу камтарона ютуқларимга СамДУ Start up лойиҳаларини қўллаб-қувватловчи инкубация маркази ва рақамли технологиялар факультети ўқитувчиларининг хизматлари беқиёс.

Беҳруз Шамсиддинов
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими
Шавкат Акрамов олган суратлар

