Самарқанд давлат университети агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги факультетида “Сиз ва биз – барчамиз иқтидорлимиз” шиори остида факультет талабаларининг биринчи  форуми ўтказилди.

    Форум кўтаринки ва ноанъанавий руҳда ўтди. Ундан  асосий мақсад талабаларни пухта билим эгаллаш орқали муваффақиятларга эришиш мумкинлигини кўрсатиш, ўз иқтидор ҳамда қобилиятларини рўёбга чиқариш учун уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборат.

    Тадбир юқори кайфиятда бошланди. Уни факультет декани, доцент Тошпўлот Ражабов очиб, талабаларни биринчи форум билан табриклади.

    Самарқанд давлат университети халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Мухтор Носиров ёшларга ўзининг самимий тилакларини йўллаб, уларни кўпроқ чет тилларини ўрганишга ва чуқур илм олишга чақирди.

    Шунингдек, форумда талабаларни табриклаш учун факультетнинг хорижий ҳамкорлари ҳам иштирок этдилар. АҚШнинг Юта давлат университети, Туркиянинг Анқара университети ва Япониянинг Тоттори университетлари профессор-ўқитувчиларининг тўғридан-тўғри чиқишлари ва йўллаган мотивацион табрик сўзлари талабаларни беҳад қувонтирди, уларга катта куч ва руҳият бағишлади.

    Форум доирасида “Факультет драйверлари” танловида эълон қилинган турли номинациялар бўйича ғолиб деб топилган иқтидорли ва ташаббускор талабалар тантанали равишда Сертификат ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

    Талабалар томонидан тайёрланган турли саҳна кўринишлари барча иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади. 

    Биринчи марта ўтказилган форум талабаларда катта таассурот қолдирди. Факультет декани, доцент Тошпўлот Ражабовнинг ушбу форум кейинги йилларда факультетнинг доимий анъанасига айланиши ҳақидаги таклифи талабалар томонидан бир овоздан қўллаб қувватланди.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.

Шавкат Акрамов олган суратлар.