Самарқанд давлат университетига Феркенсcо менежмент компанияси директори Темур Жўраев ва Александр Сиделников бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.  Бундан асосий мақсад “Самарқандкимё” АЖ корхонасини қайта ишга тушуриш учун СамДУ битирувчиларини ишга жалб қилишдир. Музокоралар давомида мазкур келишув юзасидасн меморандум имзоланди. Унда кимё-технология, агрокимё ва кимё йўналишида таҳсил олувчи талабаларнинг ўқув режаларини биргаликда тузиш, FERKENSCO MANAGEMENT LIMETED (Кипр) компанияси мутахассисларини дарс жараёнларига жалб этиш ва маърузалар ташкил қилиш назарда тутилган.

    Бундан ташқари, ишлаб чиқариш амалиётини тўлиқ “Самарқандкимё” АЖ корхонасида олиб бориш белгиланган. Кейинчалик корхонада ишлаб чиқариш батамом йўлга қўйилгандан сўнг, СамДУ рақамли технологиялар, инсон ресурларини бошқариш, биология йўналишидаги битирувчиларни ҳам ишга жалб қилиш режалари тузилди.

    - Самарқанд давлат университети жаҳон олий ўқув юртлари орасида ўзининг алоҳида нуфузига эга. Шу сабабли ҳам биз мазкур университетни танладик, - дейди делегация раҳбари ўринбосари Александр Сиделников. – Мен таҳсил олган Иваново кимё-технологиялар университети СамДУ билан бир неча йилдан бери ҳамкорлик қилиб келмоқда. Корхона ишчи-ходимларига магистратура мутахассислиги учун сиртқи таълим шаклида ўқишни татбиқ қилмоқчимиз. Корхонани ишга тушуриш учун ҳозирда 100 нафар мутахассис фаолият олиб бормоқдамиз.  2023 йилнинг июнь ойига қадар бу кўрсаткич 1200 нафар бўлиши режалаштирилган.

    - Бугун ҳамкорликда эришган ютуқларимиз талабаларимиз учун бир қатор имконият эшикларини очади. Бу борада самарали ишларни амалга оширамиз, - дейди Самарқанд давлат университети ўқув-ишлари бўйича проректор Аҳмаджон Солиев. - Шу билан биргаликда ўқув режаларини амалга ошириш, корхона қошида илмий лабораториялар очишни ўз олдимизга мақсад қилдик. Ишлаб чиқариш корхонасида ўқув тижорат марказини яратишни ҳам амалга оширмоқчимиз.

     Самарқанд кимё заводи 1950 йилдан 2019 йилга қадар ўз фаолиятини юритган. Маълум сабабаларга кўра ишлаб чиқариш тўхтатилган. Эндиликда бу корхона қайта ишга туширилиб, таркибида NPK (азот, фосфор, калий) каби озуқа элементлари сақлаган комплекс ва MAP (моноаммонийфосфат) ўғитлари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади. Бу қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ҳосил олиш учун асосий минерал ўғит ҳисобланади. Шу билан биргаликда тупроқ унумдорлигини оширишда хизмат қилади. Корхонада бир йилда 540 минг тонна NPK ва 370 минг тонна MAP,  суюқ аммяк етиштириш йиллик қувати 160 минг тонна, сулфат кислота 800 минг тонна, фосфат кислота эса 280 минг  тонна ишлаб чиқарилиши  режалаштирилган.

Норйигит Мусулмонов

Самарқанд давлат университети

кимё факультети декани, доцент

Шавкат Акрамов олган суратлар.