Самарқанд давлат университети рақамли технологиялар ва математика факультетига Шимолий Кавказ федерал университети стратегик ривожланиш бўйича проректори Никита Авралев бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Бундан асосий мақсад илмий алоқаларни янада кучайтириш ҳамда икки томонлама кадрлар алмашинувини йўлга қўйишдир.

    Делегация аъзолари икки кун давомида Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан ўқув-семинарлари ўтказди.

    Семинар давомида Шимолий Кавказ федерал университети математика ва компютер илмлари факультети декани Анатолий Алиханов ҳамда ҳисоблаш математикаси ва кибирнетика кафедраси доценти Миҳаил Бобенко илмий маърузалари билан қатнашди. Унда “Касрли дифференсиал тенгламалар ва уларни ечишнинг сон усуллари” ва “Тарқалган муҳитларда шифрланган маълумотларни қайта ишлашнинг математик модели, усуллари ва алгоритмлари” мавзулари бўйича фикрлар алмашилди.

    Семинарнинг иккинчи кунида рақамли технологиялар факультети профессор-ўқитувчилари ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорликда мактаблардаги аниқ фанлар мутахассислари учун давра суҳбати ташкил қилинди. Унда делегация вакили, математика ва компютер илмлари факультети математик анализ, алгебра ва геометрия кафедраси дотценти Олга Роженко “Ўқув жараёнини геймифукациялаш” мавзусида маъруза қилди. Семинар самимий руҳда ўтказилиб, дарс жараёнларида ўқувчи ёшига мослаб турли хил қизиқарли ўйинлардан фойдаланиб дарс ўтиш методлари муҳокама қилинди. Уларни асосан замонавий технологиялар йўналишида оммалаштириш ҳамда амалга татбиқ қилиш бўйича тушунтиришлар берилди.

    Самарқанд давлат университети рақамли технологиялар факультетида “Виртуал дастурлаш” лабораториясини очиш юзасидан икки томонлама ҳамкорлик меморандумини имзолаш тўғрисида келишувга эришилди. Бунда асосан жаҳон стандартларига мос дастурий воситалар ишлаб чиқариш ва профессионал дастурчиларни тайёрлаш мақсад қилинган. Шунингдек, музокаралар давомида профессор Анатолий Алиханов ва доцент Михаил Бобенко факультетдаги икки нафар магистрант ҳамда доктарантни илмий раҳбар бўлишга розилик билдиришиб, мавзулар юзасидан тадқиқотчилар билан суҳбатлашди.

    - Самарқанд давлат университети кўп йиллик тарихга эга улуғ даргоҳ. Буюк мутафаккир ва алломалар етиштирган масканга ташриф буюрганимиз биз учун улкан шараф, - дейди делегация раҳбари профессор Никита Авралев. – Шимолий Кавказ федерал университетидан аниқ ва ижтимоий соҳа мутахассислиги бўйича СамДУ талаба ва магистрлари учун университет бюджетидан бир қатор ўринлар ажратганмиз. Бундан ташқари делегациямиз таркибидаги мутахассислар университетдаги олимлар билан фикр алмашиш учун ўзаро тадқиқот ишларини олиб боришга тайёргарлик қилиб келишган.

    - Дунё ҳамжамиятида интернет ва рақамлаштириш соҳалари муҳим ўрин тутади. Айни пайтда дунёни электрон техника ва технологиялар бошқараётгани сир эмас, - дейди рақамли технологиялар факультети доценти Усмон Шодиев. –  Кучли мутахассислар учун кундан-кунга талаб ошмоқда. Бу каби халқаро ҳамкорликга эришишимиз етук кадрларни тайёрлашга асос бўлади.  Айниқса, Самарқанд давлат университетининг илмий рейтингини кўтаришда муҳим аҳамият касб этади. Шимолий Кавказ федерал университетидаги ҳамкор мутахассисларнинг тадқиқотчиларимиз учун университет бюджетидан ўрин ажратгани таҳсинга сазовор.

Абдусаттор Бобоёров
Самарқанд давлат университети
рақамли технологиялар факультети декани, доцент