Дипломатия бу – куч ва санъат
Самарқанд давлат университети тарих факультети талабалари ўртасида “Дипломатия бу – куч ва санъат” мавзусида интеллектуал билимлар беллашуви бўлиб ўтди.
Ушбу танлов ўз олдига талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, мустақил таълим мавзуларинининг аҳамияти ва самарадорлигини янада оширишни мақсад қилиб олган.
Танлов кўтаринки ва самимий руҳда бошланди. Уни Самарқанд вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Хуршид Очилов очиб, дипломатия бугуннинг энг муҳим ва керакли соҳаси эканлигини алоҳида таъкидлади. Талабаларни ушбу йўналишни мукаммал ўрганишга чақириб, иштирокчиларга омад тилади.
Шунингдек, жаҳон тарихи кафедраси мудири, PhD Шоҳиста Ҳамроқулова университетимизда талабаларнинг мустақил таълим олишларига алоҳида эътибор қаратилиши, беллашув уларда шу кўникмани шакллантиришда муҳим рол ўйнаши ҳақида айтиб ўтди.
Талабалар таништирув, бадиийлашган саҳна кўриниши, билимлар беллашуви деб номланган 3 шарт асосида беллашдилар.
Қизиқарли бадиий чиқишлар иштирокчиларга янада кўтаринкилик бағишлади.
Якунда 1-ўринни 203-гуруҳ талабаларидан иборат “Сенаторлар” жамоасига эгаллади.


















Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.
Шавкат Акрамов олган суратлар.

