Самарқанд давлат университети кимё факультети талабаси Санжар Исомий ижодидан...
Эй кўнгил!
Эй кўнгил, шодликнинг томирин кесган,
Тиғмидим, сенга сўз ато этган он?
Ёки қуёшмидим, нур сочган ҳар ён,
Сўзни ғамга қориб, қалб томон эсган?
****
Эй кўнгил, бедорман, яллолар суриб,
Ҳақ томон бир бора юзланмади дил.
Тубсиз сархадсизлик аро ин қуриб,
Учиб чиқаолмай кечди неча йил.
****
Эй кўнгил, хазонлар оралаб юрган,
Бўғзида қон қотган журъатиммисан?
Ўзликни тополмай қаққайиб турган,
Ғорлигимдан мерос, суръатиммисан?
****
Эй кўнгил, қалбини нафс тушовлаган,
Хирсини опичлаб юрганни кўрдинг.
Фақирнинг ризқини чангаллаб еган,
Бир жонга минг сарой қурганни кўрдинг.
****
Эй кўнгил, кўзларим қарида туриб,
Шамширин қайраган ғанимсан менга.
Шоир пештоқини кўксига уриб,
Ичи бўшаб қолган танимсан менга.
****
Эй кўнгил нафас ол, айшинг сурмасанг,
Шоирга шодликлар нишин суқмайди.
Ўткинчи дунёга юзни бурмасанг,
Қуршаган танингдан шоир чиқмайди.
Санжар ИСОМИЙ
Самарқанд давлат университети
кимё факультети талабаси

