Бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бири ҳам айнан шу ўйин билан боғлиқ…
Қимор. Бу сўзнинг қулоққа эшитилишиданоқ кишини қандайдир важоҳат босади. Нега? Чунки қимор - бу иштирокчилар ўртасида беллашув ва рақобат, хатарга асосланган. Унда ғолибнинг мукофоти мағлубнинг мулки эвазига пайдо бўлади. Қимор ҳалол меҳнат қилинмасдан тасодифий омад ҳисобига пул топиш бўлганлиги сабабли ҳам Ислом динида қораланган. Ушбу ўйин таъсирида кўплаб оилаларнинг бузилиб кетаётганлигига, ёш-ўспиринларнинг ҳам ҳатто бутун бир ҳаёти издан чиқаётганига гувоҳ бўлишимиз мумкин.
Бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бири ҳам айнан шу ўйин билан боғлиқ. Лекин у бутунлай янгича кўринишда, ҳозирги давр инсонларининг бутун ҳаётини эгаллаб олган виртуал оламда бўй кўрсатмоқда. Ном ҳам шунга мос: “Онлайн қимор”.
Онлайн қимор ҳозирги кунда интернет оламидаги “энг машур” ўйин. Унинг қимор дунёсига тез суръатларда ёйилиши ва ҳар йили реал бўлмаган даромадларнинг ўсиши дунёнинг кўплаб мамлакатлари аҳолисининг алданиб қолишига сабаб бўлиб келмоқда.
Инсонларнинг кўпчилиги муваффақият, омад ва бойликка тезда эришишни истайди ва бунинг йўлларини қидира бошлайди. “Ҳеч қандай меҳнатсиз мўмайгина пул ишлаб олиш” уларни айнан жиноят кўчасига олиб боради. Ҳозир ҳам айнан шундай кимсалар онлайн қиморнинг қурбони бўлиб қолмоқда. Қимор ҳам инсонларни ўзига худди гиёҳванд моддалар сингари ўргатиб қўяди ва аста-секин ўз домига торта бошлайди. Бу ўргимчак тўрига асосан ёшларнинг илиниб қолиши эса жуда ачинарли ҳолат. Ён-атрофимизда бўлаётган воқеа-ҳодисаларнинг гувоҳи сифатида, бу ўйин кўпчилик инсоннинг тақдирида туб бурилиш ясаб юборди. Жумладан, Пастдарғом туманида ва Фарғона вилоятида ўспирин ёшларнинг онлайн қимор ўйинида катта маблағни ютқазиб қўйиши сабабли ўз жонига қасд қилиши юқоридаги фикрларимизнинг яққол исотидир.
Ҳозирги кунда бу қимор баъзи ёшларнинг асосий машғулотига айланиб улгурди, десак муболаға бўлмайди. Аммо бу йўлнинг охири инсонни жарга етаклашини, ён-атрофида бўлаётган воқеаларни кузата туриб ҳам бу ишга қўл уриш кишини ташвишга солади. Наҳотки, инсонларнинг айримлари тўғри хулоса чиқаришни билмайди? Ёки эгри ва осон йўл билан бойлик орттириш уларни ҳеч бир қабиҳликдан қайтармаса?!
Ҳар бир инсон ўз-ўзини назорат қилишни билсагина, бу иллатга ружу қўймайди. Фикрларим сўнгида барча юртдошларимизга қарата шуни айтмоқчиманки, огоҳ бўлайлик! Огоҳ! Кўплаб жиноятлар, жумладан,ўғрилик, ўз-ўзини ўлдириш кабиларга сабаб бўлаётган бу алдовчи, фирибгарлар макони бўлган ўйинга алданиб қолмайлик. Зеро, бу йўлнинг охири афсус ва надоматларга тўладир.
Севинч Шарофова
Самарқанд давлат университети
филология факультети талабаси

