Психолог маслаҳати

Савол:
Мен тез асабийлашаман, сал нарсага жаҳлим чиқади ва таъсирчанман. Оиламда ҳам шунақа муҳит ҳукумрон. Бу мен учун кўп муаммоларга олиб келишига сабабчи бўламан. Буни бартараф этиш учун нима қилиш керак?
Аноним
Жавоб
Сизнинг вазиятингизни таҳлил ва мулоҳаза қилиб кўриш орқали, сиздаги асабий ҳолатнинг сабаби тахминан оилангизда деб ўйлаяпман. Сизнинг ёшингиз, иш жойингиздаги, оилангиздаги муҳитни билмай туриб, аниқ ташхис қўйиш қийин. Лекин сизга етарлича тавсия беришга ҳаракат қиламан.
Биринчи навбатда сизни асабийлашишга олиб келувчи муаммонинг асл сабабини аниқлашингиз лозим. Шундан кейин эса, муаммога ижобий таъсир кўрсатган ҳолда ечишга интилинг. Аслида муаммо бу ўзингиз ҳам бўлишингиз мумкин, чунки негатив энергия, негатив кайфият юқувчан бўлади. Сиздаги ёмон кайфият оилангизга ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қўймайди. Сиз берган негатив энергия акс садо каби ўзингизга қайтиб келиши мумкин. Аввало уйқуга, ўз вақтида овқатланишга, иш ва ўқиш жараёнидаги тартиб интизомга риоя қилинг! Зеро, нотинч уйқу ҳам асабга ўз таъсирини кўрсатади. Бундан ташқари ўз вақтида овқатланмаслик, ёки касбий фаолиятингиздаги нокомпетентлик, сиздаги ўзига хос ишонч ҳиссини йўқолишига сабаб бўлади. Натижада ҳеч бир ишингиз ўхшамайди, режаларингиз амалга ошмайди. Бу эса албатта депрессия, тушкунликка сабаб бўлади. Биринчи навбатда оилангиздаги муаммоларни ҳал қилинг, зеро оила бу сизга мотивация берувчи, сизни қўллаб турувчи меҳр маскани бўлиши лозим. Ўзингизга четдан баҳо бериб кўринг. Ўзингизга нима учун деган саволни беринг. Агар, сизда ўзингизга тўғри баҳо бериш компетенсияси бўлса, асл муаммони топа оласиз ва бу сиздаги муамоларни ҳал қилишдаги биринчи қадам бўлади.
Дилдора Сулаймонова
Самарқанд давлат университети
Психология назарияси ва амалиёти кафедраси ўқитувчиси