Самарқанд давлат университети доценти Роҳила Рўзмонованинг шу мавзудаги монографияси Германиянинг Ламберт нашриётида чоп этилди.

Ўзбек адабиёти ва унинг  мумтоз намояндалари ижоди фақат Марказий Осиёда эмас, балки Шарқ ва Ғарб мамлакатларида ҳам  катта эътибор қозониб келган. Хусусан, Низомиддин Амир Алишер Навоийнинг  асарлари шоир ўз ҳаётлиги давридаёқ Шарқ мамлакатлари ва Европага тарқалган эди.

Улуғ шоир асарларининг юксак ғоявий-бадиий  таъсири  доирасидан кичик  осиёлик туркигўй  муаллифлар ҳам четда  қолмаганлар. Жумладан, Алишер Навоий ғазалларидан илҳомланиб Фузулий, Аҳмад Пошо, Улвий, Жаъфар Чалабий, Меҳри Хотун, Шамий Дада каби 70га яқин усмонли турк шоир, шоира ва ҳукмдор ижодкорлари назиралар битишган ҳамда шу орқали турк мумтоз шеъриятининг янги тараққиёт даврини бошлаб беришган. Шу тариқа Навоий туфайли турк шеърияти тараққиёти тарихида янги бир давр бошланди. Бу Навоий ижодининг жаҳоншумул аҳамиятидан дарак берувчи яна бир мисолдир.  

- Монография усмонли турк адабий ҳаётида Алишер Навоий ижодининг ўрни ва ХV аср охири – ХVI аср бошларида шоир мероси намуналарининг Туркияга кириб келиши тарихи, усмонли турк шоирларининг Навоий ижодидан илҳомланиш самаралари тадқиқига бағишланади, - дейди СамДУ филология факультети доценти Роҳила Рўзмонова. - Шунингдек, ушбу монографияда усмонли турк лирик шеърияти хусусиятлари, ХV аср охири – ХVI аср бошларида ижод этган усмонли турк лирик шеърияти намояндалари ва шеърият жанрлари ёритилган. Турк адабиёти тарихида ўзига хос мавқеига эга, истеъдодли шоирлардан бири бўлган Аҳмад Пошо Алишер Навоий ижодидан  илҳомланиб назиралар ёзган илк усмонли турк шоири ҳисобланади. Шу боис, ушбу монографияда Алишер Навоий ижодининг усмонли турк шеъриятига таъсири Аҳмад Пошо ижоди  билан қиёслаб ёритилган. Аҳмад Пошодан кейин эса Навоий “тарзи” ва “услуби”да ижод қилган шоир, тарихчи ва денгизчи олим Сайди Али Раис Котибий ғазаллари қиёсий ўрганилган.

 

Беҳруз Шамсиддинов

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими