ҚЎРҚИНЧ
Эрк ваъдаси қулларга тегар,
Бахт ваъдаси бахти йўқларга.
Бошини тик тутганлар эгар,
Очлик қўрқинч қорни тўқларга.
***
Малайбозор, ялинчли гаплар,
Ҳалолликдан бонг урар ўғри.
Паналайди мардлик деганлар,
Пастлаб келар лайчалар, тўғри.
***
Қишлоқилар шаҳарга шошар,
Шаҳар кўрган ўзга элатга.
Шу тариқа довонлар оша
Айбмас, дўниб бўлди иллатга.
***
Камбағаллик олий мақомдир,
Шукр қил, деб жар солар бойлар.
Қамоқ яшаш учун имкондир,
Қўлингнимас, тилингни бойлар.
***
Бошидан бир санаб ўтайин,
Эрк қулларга, бахцизларга бахт.
Мен ҳам буни ёздим атайин,
Тилсизларни сўз қилар карахт.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати

