Психолог маслаҳати

Савол:
Мен охирги пайтларда турмуш ўртоғим билан келишмай қоляпман. Бир нафар фарзандимиз бор. Эътибор ва ёрдам кутаман. Уйга келгач мен билан суҳбатлашиб, ҳолимни сўраса, ишларимда ёрдамлашса дейман. Айни вазиятда мен ҳам ривожланиб ўқишни, илм билан шуғулланишни истайман, Уйдаги ишлар, фарзандимга қараш, қўшимча дарсларим вақт қолдирмайди. Турмуш ўртоғим эса, видеолар кўриш билан овора. Бу менинг жаҳлимни чиқаради, аламимни келтиради. Мен кутган ҳаёт бу эмас эди, мен ривожланишни, ёрдам беришларини истайман. Мен тасаввур қилган ёр ҳам унақа эмасди. Аслида севишиб турмуш қурганман, лекин мен кутган эътибор ва ёрдамни ололмаяпман. Хаёлимга қайнотамдан уйимга кетишга рухсат сўрасамми, қайнонамга келишолмаётганимизни айтсамми, деб ўйлаб қолдим. Бу каби гапларни айтишдан қўрқаман, чунки ота-онам кўтара олишмайди. Нима қилсам бўлади, чарчадим бунақа бефарқ эрдан?
Дунё ривожланиб янгиликлар қилинаётган вақтда мен ортда қотиб қолишни, мийямни дедуксияга учрашини истамайман. Боламни жуда яхши кўраман, унга ҳар куни янги нарсалар ўргатаман, режалар тузаман. Менга хўжайиним ўзидан билиб қарашса, ёрдам берса эди. Хорижий филмларнинг кўп гувоҳи бўлганман, турмуш ўртоғи доим ёрдам беради, қарашади, маъсулиятли бўлади. Хўжайиним эса тескариси, гўё ёш боладай тутади ўзини. Қилган иши пул топиш, филм кўриш. Буларнинг ҳаммаси зерикарли ҳаётдай туйилади, чунки ҳар куни бир хил ҳаёт, ўзгариш йўқ. Уйдагилар мени бахтли деб ҳисоблашади, ўзимни шундай намоён этаман, уларни тинчини бузишга ҳам қо'рқаман. Магистратурага кириб, турмушга чиққан эдим. Аммо турмушга чиқиб, қайнотам ёрдами туфайли ко'п нарсага эришдим, шуларни ўйлайман.
аноним
Жавоб:
Ҳар ким ўзича ҳақ. Ҳар кимнинг ўз ҳақиқати бор. Ҳақ эканлигингизни исботлаб, ғолиб бўлдим, ютиб чиқдим деб хурсанд бўлманг. Ҳар қандай ҳолатда биринчи бўлиш истаги, мен зўрман деган шиор билан яшайдиган инсонлар доим ҳаётда курашиб яшовчи инсонлардирлар. Бундай инсонлар доим курашадилар, аммо ҳеч қачон ҳаётларида кураш тугамайди. Уларни қабул қилинг, вазиятга бош эгинг ва танловларини ҳурмат қилиб, астойдил яшанг. Шунда ҳақиқий ғолиб сиз бўласиз, унутманг!
Сизда энг катта нотўғри фикрлаш бор. Биринчиси, “Хаёлимга қайнотамдан уйимга кетишга рухсат сўрасамми, қайнонамга келишолмаётганимизни айтсамми, деб ўйлаб қолдим, ўзим лекин қўрқаман”. Иккинчиси, “чарчадим бунақа муносабатдан ҳам, бунақа бефарқ эрдан ҳам”.
Бу фикрлардан шу бугун воз кечинг, эртага эмас.
Эркак кишини муваффақияти ҳам, муваффақиятсизлиги ҳам аёл кишига боғлиқ. Халқимизда эрни эр қиладиган ҳам, қаро ер қиладиган ҳам хотин, деб бежизга айтишмайди.
Турмуш ўртоғингиз сизга қарамаяптими ёки сиз қарата олмаяпсизми?!
Турмуш ўртоғингизни ишлари юришиб, даромади ошиб, ҳурмат қозонишини, сизга вақт ажратишини истасангиз, уни руҳлантиришни ўрганинг.
Эрталабдан турмуш ўртоғингиз маза қилиб ичадиган ичимлик (кофе, чой, лимон чой, турли дамламалар ва ҳатто сув)ни меҳр ва эътибор билан тайёрлаб беринг. Эрталабдан руҳлантиришнинг биринчи қадами мана шудир.
Шунчаки автоматлаштирилган тарзда хаёлингиз фарзандингизда, ишингизда ёки кеча интернет тармоқларида кўрган кўйлакда бўлиб чой дамлаб беришингиз ҳисобга ўтмайди.
Ҳар доим инсонларни яхши томонини кўришга одатланинг.
Инсонларни яхши ва ёмонга ажратмаслик лозим, чунки хаёлан ёмон деб ўйлаганингиз янада ёмон кўринаверади. Кимнидир ёмон кўришдан олдин ўйлаб кўринг, сиз хафа бўлган инсон шу ишни билиб қилмагандир.
Балки, бу орқали сиз ривожланиш йўлини танлагандирсиз. Бунга эса тўла тўкис оила билан эришиш энг катта ғалабадир. Сиз ҳар қандай вазиятда муҳаббатли, бағрикенг, дилкаш бўлинг. Сабаби ҳар биримиз яратгувчининг суюкли инсонимиз.
Нафрат, ғазаб, оғриқ, алам, айбдорлик билан қалбингизни, онгингизни, вужудингизни ва руҳиятингизни қийнаманг. Аллоҳ берган суюкли фарзандингиз тақдири ҳамма нарсадан устун эканлигини эсдан чиқарманг. Сиз шундай бўлингки, хўжайинингиз сиз фариштадек аёлнинг олдида филм, ижтимоий тармоқларга қайрилиб ҳам боқмасин. Хуллас, гапираман десак, гап кўп. Оиладаги ўзгаришни ўзингиздан бошланг. Ҳали чарчаб қоладиган ёшда ҳам шароитда ҳам эмассиз.
Агар ичингизда қўрқув мавжуд бўлса, ҳаёт сизни қўрқитади. Ичингизда агрессия мавжуд бўлса, ҳаёт сизга “ташланади”. Ичингизда курашиш хоҳиши мавжуд бўлса, ҳаёт сизга рақиблар беради. Сизда айбдорлик ҳисси мавжуд бўлса, ҳаёт сизни “жазолайверади”. Сизда хафалик ҳисси мавжуд бўлса, ҳаёт сизга янада кўпроқ ҳафа бўлишингиз учун сабаблар тортиқ этади. Буларнинг ҳаммасидан мақсад: сизнинг аслида кимлигингиз ва қалбингизда нима борлигини кўрсатишдир. Ҳаёт сизни қалбан қандай бўлсангиз, шундай кўради. Ҳаётга ва атрофдаги одамларга ўзимизни қанақа кўрсатишга ҳаракат қилаётганимизни эмас, аслида қандайлигимизни кўради.
Енгил-елпи нарсалар учун сиқилманг, бугун яшанг, чунки кеча энди йўқ. Эртага кун бўлади ёки йўқ. Ҳамманинг ўз ҳақиқати бор ва улар сизники билан тўғри келмаслиги мумкин...
Ҳаётда энг муҳими, меҳр, қадр-қиймат, дийдор, муҳаббат, қолгани эса.. барчаси Шуҳратпарастлик...
Инсоннинг муаммоси фақатгина унинг қалбида бўлади. Ҳар бир умрингиз лаҳзасидан завқ олишга ҳаракат қилинг. Доим шуни ёдда тутинг-ки, бу дунёда сизнинг иккинчи ҳаётингиз бўлмайди. Ваъдаларга эмас, ҳис қилаётган туйғуларингизга ишонинг. Кайфиятингизни туширманг, билинг-ки, бугунги кун ҳаётингиздаги энг яхши кун бўлиши мумкин. “Боламни жуда яхши кўраман, унга ҳар куни янги нарсалар ўргатаман, режалар тузаман”. дебсиз. Ана шу Оллоҳнинг неъматини ота меҳрига зор бўлиб, ўсишини тасаввур қилиб кўринг. Ундан катта гуноҳ, катта маъсумлик йўқ. “Чет эл филмларда, кўп гувоҳи бўлганман”, бундай ҳол ўзбекларда ҳам бор. Уни яратиш ўз қўлингизда. Мен ўз фарзандига бефарқ отанинг мавжудлигига ишонмайман. Сиз шундай йўл тутинки, токи у ҳаёт сизсиз сариқ чақадек туюлсин. Буюк шоиримиз битган “Саидасиз Саид Аҳмадлар” жумлали шеърини ўқинг, бадиий адабиёт мутолаа қилинг. Ўқимишли аёлсиз келажагингиз режасин улкан ниятлар билан тузинг.
Мухтасам Сулаймонов
Самарқанд давлат университети
психология назарияси ва амалиёти кафедраси ўқитувчиси