Kun.uz сайтида эълон қилинган мақола юзасидан

    Хўш, аслида нима бўлган эди? Келтирилган важлар ўринлими? Математика факультетидаги назоратлар тегишли тартиб ва Низомларга мувофиқ тарзда ташкил этилганми?

    Самарқанд давлат университети ректорининг мазкур масала юзасидан “Ишчи гуруҳ ташкил этиш ва мониторинг ўтказиш тўғрисида”ги фармойиши билан бошқа олий таълим муассасалари мутахассисларидан иборат Ишчи гуруҳ ташкил этилди ва мақолада келтирилган важлар батафсил ўрганиб чиқилди.

    Ишчи гуруҳ томонидан баҳо ва талабалар томонидан ёзилган ёзма ишлар мувофиқлиги таҳлил қилинди ҳамда қуйидаги хулосаларга келинди:

    3-курс, 310-гуруҳ талабаси Жўрабек Отабеков ҳақиқатан ҳам Назарий механика фанидан 2021 йил 11 октябрда иккинчи марта қайта топширган ёзма ишининг 1, 2, 3, 4 - саволларига ёзган жавоблар юқорида келтирилган баҳолаш мезонлари асосида тўғри баҳоланган. 5-саволга эса жавоб келтирилмаганлиги учун ушбу савол баҳоланмаган. Талаба ёзма ишда саволлар рақамига ҳам қатъий амал қилмаган. Жўрабек Отабековнинг ёзма иши университет томонидан тасдиқланган баҳолаш мезонларига мувофиқ тўғри баҳоланган.

    3-курс, 310-гуруҳ талабаси Азамат Ахроров ҳақиқатбуйруқлариан ҳам Назарий механика фанидан 2021 йил 11 октябрда иккинчи марта қайта топширган ёзма ишининг 1, 2, 3 - саволларига ёзган жавоблар юқорида келтирилган баҳолаш мезонлари асосида тўғри баҳоланган, аммо баҳолаш жараёнида баҳолар техник сабабларга кўра бўялган. Баҳолар бевосита ёзма ишни текшириш жараёнида юз берганлигини охирги умумий натижанинг ўзгармаганлиги ҳам тасдиқлайди. 4-саволга жавоб келтирилмаган, шунинг учун бу савол баҳоланмаган. 5-саволга келтирилган жавобда тасдиқлар тўғри бўлганлиги учун бу саволга жавоблар ўқитувчи томонидан 18 балл билан баҳоланган. Азамат Ахроровнинг ёзма иши университет томонидан тасдиқланган баҳолаш мезонлари асосида тўғри баҳоланган.

    Шунингдек, ишчи гуруҳ 310-гуруҳнинг Назарий механика фанидан ўтказилган ёзма ишларнинг натижалари қайд қилинган 8b-шакл қайдномани тегишли тартибда ўрганганда, ҳақиқатдан ҳам ушбу қайдномага баҳолар дастлаб қалам билан қўйилганлиги ва ўчирилганлиги, кейин ручка билан ёзма ишлардаги баҳолар кўчирилганлиги аниқланди. Қайднома сканер қилинганда ёки расмга олинганида қалам ўрнидаги баҳолар ўзгартирилгандек тасаввур уйғотади. Қайдномадаги бошқа баҳолар ёзма ишлардан тўғри кўчирилган ва баҳолар қайдномада бўялмаган. Қайдномалар университет ўқув-услубий бошқарма бошлиғи, факультет декани, кафедра мудири ва якуний назорат ишларини текширган ўқитувчи томонидан имзоланган ва факультет кечки бўлимининг ўқув ишлари бўйича декан ўринбосари Ш.Қурбоновга топширилган. Ш.Қурбонов қайдномада аниқ баҳолар ручка билан қўйилганлигини эътиборга олиб, қалам билан қўйилган ва ўчирилган баҳолар аҳамиятга эга эмас, деб ҳисоблаган ва шу қайдномага асосан талабалар баҳоларини уларга эълон қилган.

    Математика факультети декани Х.Рўзимуродов ва деканат масъул ходимларини билдиришича, якуний назоратларни иккинчи марта ҳам муваффақиятсиз топширган талабалар деканатга жорий йилнинг 29 октябргача ҳам якуний назорат ишлари баҳоларидан норози бўлиб аппеляция аризаси билан мурожаат қилишмаган. Шундан сўнг,  факультет декани Х.Рўзимуродов 2021 йил 30-октябрда белгиланган муддатларда фанлардан қарзларини топшира олмаган талабаларни курсдан курсга қолдириш тўғрисида университет ректорига билдиришнома тақдим қилган ва ректор буйруғига кўра, талабалар курсдан қолдирилган.

    Ишчи гуруҳ хулосасига кўра, жараёнда ўқув-меъёрий ҳужжатлар, жумладан, ёзма иш бўйича баҳоларни расмийлаштириш ва уни қайдномага кўчиришда фан ўқитувчиси (Э.Исмоилов) томонидан камчиликка йўл қўйилган. Ҳолатни  факультет декани (Х.Рўзимуродов) ва декан ўринбосари (Ш.Қурбонов)лар назорат қилмаган, лавозим вазифаларига масъулият билан ёндошмаган. Шу боис, университет ректорининг тегишли (“Меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида”ги ва “Ҳайфсан эълон қилиш ҳақида”ги) буйруқлари билан қайднома ва ёзма ишларда техник хатоларга йўл қўйганлиги, Низом талабларини қўпол равишда бузганлиги учун Назарий ва амалий механика кафедраси ўқитувчиси Э.Исмоилов эгаллаб турган вазифасидан четлаштирилди, факультет декани (Х.Рўзимуродов) ва декан ўринбосари (Ш.Қурбонов)га ҳайфсан эълон қилинди.

    Самарқанд давлат университети раҳбарияти талабаларга таҳсил давомида ўзларига юклатилган вазифаларга астойдил масъулият билан ёндошиб, фан дастурларини талаб даражасида ўзлаштириб боришни тавсия этади. Зеро, юқоридаги мақоланинг эълон қилинишидаги омиллардан бири – чуқур билимга эга бўлмаган талабаларнинг мурожаатидир.