Самарқанд давлат университети доцентининг монографияси Германияда нашр этилди…
Самарқанд давлат университети доценти Бадиа Муҳиддинованинг “Сайидаҳмад Васлий Самарқандий ҳаёти ва адабий мероси” деб номланган монографияси Германиянинг Ламберт нашриётида чоп этилди. Монография сиёсий жиҳатдан нотинч, маънавий ҳаёт тубдан ўзгариб бораётган, маърифат кўтарилаётган бир даврда мадрасада дарс бериб, қадимий миллий руҳда ижод қилган мутафаккир шахс ижодий мероси тадқиқига бағишланганлиги билан аҳамиятли. Чунки, тарихимизда ёрқин из қолдирган бу серқирра адиб ва шоир ҳақида авлодларга тақдим этиш учун ёзилган бирор тадқиқот ҳануз маълум эмас эди. Китобда Васлий ижодий мероси тўлиқ қамраб олинган. Муаллиф энг аввало ХIХ-ХХ асрлар адабий муҳити хусусиятлари ва бу адабий-маърифий жараёнда ижодкор фаолиятининг тутган ўрнига алоҳида аҳамият беради. У шоир ижодий меросини унинг ижтимоий фаолияти билан бирга ўрганиб, тадқиқ этади. Олимнинг ислом тарихига оид мўътабар манбалардан қилган таржималари, уларнинг фан соҳасидаги илмий қиммати, жамият ҳаёти учун фойдали жиҳатлари ҳақида фикр юритилиши давримиз маърифий ҳаёти эҳтиёжларига мослаб ёзилган. Ушбу кенг қамровли, илмий таҳлил ва талқинлар, мушоҳада-мулоҳазаларга бой тадқиқот бугунги давр тарихшунослари, адабиётшунос олимлари, исломий-маърифий соҳа мутахассислари учун зарур ва фойдали манбадир.
- Шоҳизинда мударриси, нуктадон шоир Сайидаҳмад Васлий Самарқандий ХIХ асрнинг охири ХХ аср бошларида яшаб ижод этган, - дейди СамДУ филология факуьлтети доценти Бадиа Муҳиддинова. - Самарқанддаги ўзининг сермаҳсул ва баракали ижоди билан адабиётимизнинг маърифатпарварлик йўналиши тараққиётига салмоқли ҳисса қўшди. Ушбу китобда Васлий Самарқандий ижоди ва фаолияти, у яратган асарлар ғоявий-бадиий нуқтаи назардан ҳамда илк манбалар асосида таҳлил этилиб, насрий ва публицистик асарларининг ғоявий йўналиши, бадиияти ҳақида мулоҳазалар баён этилган.
Беҳруз Шамсиддинов
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими

