Самарқанд давлат университети магистранти “Энг яхши илмий мақола - 2021” танлови ғолиби
Ёшларнинг ижтимоий фаоллиги, илмий савиясини намойиш этиш, халқаро даражада ўз тенгдошлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида, Ўзбекистонда илк маротаба МДҲ талаба-ёшлари ва ҳамкор ташкилотлар ўртасида “Энг яхши илмий мақола - 2021” танлови Фарғона шаҳрида ўтказилди.
Самарқанд давлат университети биология факультети магистранти Шаҳзод Худойбердиев “Энг яхши илмий мақола - 2021” танловида ғолиб бўлди. Бунда “Паррандачилик хўжаликларида боқиладиган товуқлар яшаш муҳити бойитилишини қонининг асосий физиологик кўрсаткичлари ва маҳсулдорлигига таъсири” мавзусидаги мақоласи билан иштирок этди. Илмий раҳбари Самарқанд давлат университети доценти Юнус Рўзиев.
- Олти йилдан бери Самарқанд давлат университетида таҳсил оламан. Малакали профессор-ўқитувчилар берган билимларни ўзлаштириб, кўплаб ютуқларга эришдим, - дейди магистрант Шаҳзод Худойбердиев. Ўзбекистонда илк маротаба ўтказилган “Энг яхши илмий мақола - 2021” танловида қатнашиб, кўкрак нишони ва сертификат билан тақдирландим. Қолаверса мақолам шу номдаги журналда чоп этилди. Бу менинг илмий фаолиятимни бунданда яхшиланишига хизмат қилади. Албатта, биз учун эркин илмий ва ижодий муҳитни яратиб бераётган университетимиз мутасаддиларига раҳмат айтаман.

Беҳруз Шамсиддинов
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.

