Самарқанд давлат университети спорт фаолияти ва санъат факультети талабаси Шоҳида Аҳмедова. Эркин кураш спорт тури бўйича Ёшлар олимпиадаси ҳамда Осиё чемпионатида кумуш медал соҳиби. Етти карра Ўзбекистон чемпиони. 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси.

    - Спортга ёшлигимдан қизиқаман. Ҳозирда йигирма ёшдаман. Мана етти йилдирки, ҳаётим мазмунига айланган кураш билан шуғулланаман, - дейди Шоҳида Аҳмедова. –  Айниқса ота-онам спорт билан шуғулланишимни доим қўллаб-қувватлаган. Илк маротаба мураббийим Саломат Кўчимова қўл остида шуғуллана бошлаганман. Ҳозирда бир қатор ютуқларга эришдим. Албатта буларнинг барчасига ота-онам ва мураббийларимнинг ҳиссаси жуда катта. 2015 йилда ўтказилган Ўзбекистон чемпионатидаги илк мусобоқам кечагидек ёдимда. Ўша пайтда натижаси нима бўлар экан, ғалабага эриша оламанми деган ўй-хаёл мени ташвишга соларди. Ҳаттоки, бу ташвиш менда кучли қўрқувимга сабабчи бўлган. Татамига чиқар эканман, ич-ичимдан ғалаба қозонишимга ишондим ва қўрқувдан асар ҳам қолмади. Бирин- кетин рақибларим устидан ғалаба қозониб, олтин медални қўлга киритдим. Бу менинг спорт фаолиятимни янада шиддат билан давом эттиришга ундарди. Шу тариқа ҳар йили ўтказиладиган Ўзбекистон чемпионатида юксак натижани қўлга киритиб келдим.

    2017 йил   Осиё чемпионатида (Таиланд) мусобоқа пайтида ярим финалда кураш жараёнида белимдан қаттиқ жароҳат олганман. Учинчи ўрин учун кечадиган беллашувда жароҳат сабаб мусобоқани давом эттиришимга мураббийларим рухсат бермаган. Оғриқ туфайли етти ой спорт билан шуғулланишга имконим бўлмади. Инсон спортда доим ғалабани эмас, балки мағлубиятни ҳам бирдек тан олиши керак экан. Кураш мени иродали, кучли қилиб тарбиялади. Орзуларимнинг ушалишига сабабчи бўлди. 2018-йил Осиё чемпионатида (Тошкент) бўлган мусобоқада иккинчи ўринни эгаллаб, Аргентинада бўлиб ўтадиган Ёшлар олимпиадасига йўлланмани қўлга киритганман. Ушбу мусобоқада эса, фахрли иккинчи ўринни қўлга киритиб, кумуш медали соҳиби бўлдим.

    Спортда эришган натижаларим сабаб Самарқанд давлат университетига бюджет асосида ўқишга қабул қилиндим. Бу ерда малакали мутахассислар томонидан назарий ва амалий билимларни эгаллаб келмоқдаман. Ҳозирда келаси йилда Хитойда ўтказиладиган Осиё ўйинларига тайёргарлик қилябман. Ҳаётда ўз олдимга улкан марраларни забт этишни мақсад қилганман.  Жаҳон чемпионати ва “Париж-2024” Олимпида ўйинларида қатнашиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқчиман.

Беҳруз Шамсиддинов
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими