Самарқанд давлат университети ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Зебинисо Раҳмонова талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг турли муаммоларини ўрганиш, улар билан эркин мулоқот қилиш мақсадида 5-сонли талабалар турар жойига ташриф буюрди.

    Дастлаб, Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 ташаббус доирасида ташкил этилган тўгараклар фаолияти билан танишди. Агробиотехнология ва озиқ-овқат хавфсизлиги факультети талабаси Райҳона Нурқосимованинг айтишича, у 20 га яқин тенгдошини тикувчилик тўгарагига жалб қилган.

    Шундан сўнг, Зебинисо Раҳмонова ётоқхонада истиқомат қилувчи талабалар билан самимий суҳбатлашди. Ошхоналар, хоналар кўздан кечирилди. Талабаларнинг фикрлари билан қизиқиб, улар билан самимий мулоқот қилинди.

    Ушбу ташрифга параллел равишда кимё факультети талабалари томонидан мадҳиямизнинг 29 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтказилмоқда эди. Зебинисо Раҳмонова ушбу тадбирда иштирок этиб, талабаларни байрам билан муборакбод этди. Улар билан мулоқот қилди.

    - Бугунги учрашув кўтаринки руҳда ўтказилди. Бизнинг ётоқхонамизда барча шароит ва имкониятлар мавжуд, - дейди филология факультети талабаси Машҳура Камолова. – Янги йил яқинлашиб келаётганлиги сабабли ётоқхонамизда байрам кайфияти ҳукмрон.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.

Шавкат Акрамов олган суратлар.