Илмий-амалий анжуман: “Нефт-газ саноатида инновацион технологиялар, барқарор ривожланиш муаммолари”…
Самарқанд давлат университети халқаро таълим дастурлари факультети табиий ва аниқ фанлар кафедрасининг профессор-ўқитувчилари Шимолий Кавказ Федерал университети томонидан ташкиллаштирилган “Нефт-газ саноатида инновацион технологиялар, барқарор ривожланиш муаммолари” II Халқаро илмий-амалий конференциясида иштирок этди. Анжуманда профессор Акмал Ахатов бошчилигидаги ўқитувчилар “Осиё минтақасида атроф муҳитни экологик мониторинг қилишни лойиҳалаш методикалари” мавзусида маърузалари билан қатнашди.
Конференциянинг асосий мақсади халқаро илмий билим алмашиш даражасини ошириш, минтақавий ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, илмий тадқиқот йўналишларини аниқлаш, муҳандислик таълим мақомини ошириш. Бунда МДҲ ва бир қатор хорижий мамлакатларининг етук олимлари иштирок этди. Онлайн ЗООМ платформаси орқали машинасозлик, динамик жараёнлар, реал механик тизимлар, математик моделлаштириш, алгоритмлаш ва ҳисоблаш технологияларининг ютуқлари ва долзарб муаммолари ҳақида ўз тақдимотлари орқали фикр алмашишди.
Семинар давомида Самарқанд давлат университети ва Шимолий Кавказ Федерал университети география йўналишида “1+1” қўшма дастурида таҳсил олаётган магистрлар учун услубий қўлланмалар, мақолалар чоп этиш ва конференцияларни ташкил этишга келишиб олинди.
Маълумот учун ушбу онлайн конференция “Илм-фан 2021” миллий ривожланиш дастури доирасида бажарилган ишларнинг бир намоёндасидир.
Бунёд Эштемиров
Самарқанд давлат университети
халқаро таълим дастурлари факультети ўқитувчиси

