Самарқанд давлат университетига байрам учун муносиб туҳфа!
Самарқанд давлат университети профессори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Муслиҳиддин Муҳиддиновнинг “Алишер Навоийнинг “Сабъаи сайёра” достони: анъана ва ўзига хослик” (“Alisher Navoi’s Epic “Sab’ai sayyar” tradition and originality”) номли монографияси Германиянинг Ламберт нашриётида чоп этилди.
“Алишер Навоийнинг “Сабъаи сайёра” достони: анъана ва ўзига хослик” монографияси Муқаддима, Хулоса ва Фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан ташқари тўрт мустақил бобдан иборат. “Ўзбек мумтоз адабиёти тарихида “Баҳром ва Дилором” сюжети”, “Алишер Навоийнинг “Сабъаи сайёра” достони”, “Гʻарибийнинг “Шоҳ Баҳром ва Дилором” достони”, “Сабъаи сайёра”нинг насрий варианти” ҳамда “Ҳафт пайкар” ‒ Огаҳий таржимасида” ўртага қўйилган анъана ва ўзига хослик (таждид) масаласи атрофлича ёритилган.
Монография адабиётшуносликдаги қиёсий-типологик йўналишнинг ёрқин намунаси ҳисобланади. Чунки “Сабъаи сайёра” Шарқ мумтоз адабиётидаги сайёр сюжет асосида битилган. Шунинг учун олим Навоий достонини Абулқосим Фирдавсий, Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий, Муҳаммад Ризо Огаҳий асарларига қиёсан таҳлил этади.
Шубҳасиз, бу нашр жаҳоннинг кўп тадқиқотчилари ҳамда инглиз тилини биладиган кенг ўқувчилар оммасининг Алишер Навоий ижодига қизиқишини янада оширади.
Алишер Навоийни жаҳонга танитиш учун бир қатор ишлар амалга оширилиши керак. Бунинг учун унинг асарлари турли тилларга таржима қилиниши, хорижий юртларда навоийшунослик ривожланиши, таниқли навоийшуносларимизнинг тадқиқотларини чет тилларда чиқариш зарур.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Германия Федератив Республикасидаги “Lam Lambert” (“LAM LAMBERT Academic Publishing”) нашриёти ўзбек навоийшуноси ‒ филология фанлари доктори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, Самарқанд давлат университети профессори Муслиҳиддин Муҳиддиновнинг “Хамса”ларнинг илк достонларида комил инсон консепсияси” монографиясини чиқарган эди.
Беҳруз ШАМСИДДИНОВ,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган сурат.

