Самарқанд давлат университетида Олий таълим муассасаларининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича масъуллари ҳамда тюторлар учун семинар ташкил этилди. Бунда йигирмага яқин олий ўқув юртидан уч юздан ортиқ тютор билим ва кўникмаларини ошириш учун қатнашди. Йиғилишда республика маънавият ва маърифат маркази, олий таълим муассасалари мутасадди вакиллари ўз маърузалари билан қатнашди.  

    - Бугунги кунда илм-фан жадал тараққий этаётганлиги туфайли турли фан соҳаларида эришилган ютуқлар тез янгиланиб бормоқда, - дейди Самарқанд давлат университети Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор, доцент Зебинисо Раҳмонова. - Олий таълим тизимида маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этиш, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, халқ манфаатлари учун хизмат қилиш туйғуси билан яшайдиган баркамол авлод сифатида тарбиялашга қаратилган талаба-ёшларнинг маънавий-ахлоқий онгини кучайтириш давр эҳтиёжидан келиб чиқмоқда. Бугунги кунда ёшларнинг маънавий оламини юксалтириш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш масаласи тютор олдида турган энг долзарб вазифалардан биридир. Ёш авлод тарбияси ўта долзарб масала бўлиб, у таълим-тарбияда узвийлик, қатъийлик ва талабчанлик, ишлашнинг замонавий, таъсирчан усул ва воситаларини талаб этади.

    - Гулистон давлат университетидан 8 нафар тютор ташриф буюрганмиз. Таълим- тарбия маслаҳатчилари учун илк маротаба ташкил этилган ўқув семинар барчамиз учун амалий ва назарий кўникмаларни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади, -дейди ГулДУ тютори Равшан Алиқулов. – Икки кунлик семинарда уч юз нафар тюторлар билан ўзаро фикр алмашиб, ўзимиз учун янги ғояларни кашф этди. Тюторлик лавозими маъсулиятли касб эканлигига яна бир карра амин бўлдим. Семинарни ташкил қилгани ва меҳмондўстлиги учун Самарқанд давлат университетига миннатдорчилик билдираман.

    Шунингдек, дастур бўйича Самарқанднинг диққатга сазовор жўйлари ва музейларга саёҳат уюштирилди. 

Беҳруз ШАМСИДДИНОВ
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар