Ўзбекистон Республикаси халқаро Амир Темур жамоат фонди, Республика маданият ва маърифат маркази, Темурийлар тарихи давлат музейи билан ҳамкорликда университетимизда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 685 йиллиги муносабати билан республика анжумани бўлиб ўтди.

    Анжуманни Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али Соҳибқирон ҳаёти ва фаолияти, олиб борган буюк ислоҳотлари тўғрисидаги қизиқарли маълумотлар билан очди.

    Тадбир аввалида Соҳибқирон таваллуди ва Амир Темур жамоат фондининг ташкил этилганлигининг 25 йиллик байрами муносабати билан Самарқанд давлат университети ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродовга эсдалик нишони тантанали равишда топширилди. Шунингдек, Самарқанд давлат университети профессорлари Зиёдулла Муқимов, Суюн Каримовлар ҳам ушбу эсдалик нишонлари билан тақдирланди.

    Шундан сўнг, конференциянинг амалий қисмига навбат берилиб, Республика халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси Муҳаммад Али “Амир Темур ва Йилдирим Боязид муносабатлари” мавзуида маъруза қилди. Ёзувчи маърузасида икки буюк туркий давлат арбобларининг давлатчилик тарихимиздаги муҳим ўрни ва аҳамиятини эътироф этди. Шунингдек, ноябрь ойида Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов бошчилигидаги университет делегациясининг Анқара Йилдирим Боязид университетига ташрифи чоғида икки тарихий шахс учрашган майдонида барпо этилаётган “Ўзбекистон хиёбони”га илк дарахт ўтқазганлирини алоҳида таъкидлади.

    Темурийлар тарихи давлат музейи директори Хуршид Файзиев “Амир Темур – илм-фан ҳомийси” мавзусида ўз фикрларини билдириб, бугунги кунда юртимизда Соҳибқирон номини абадийлаштириш юзасидан олиб борилаётган амалий ишларни айтиб ўтди.

    Шунингдек, тадбирда сўз олганлари “Ғарб адабиётида Амир Темур образи”, “Темурийлар даври ренессанси”, “Амир Темур ҳамда Темурийлар давлати ва ҳуқуқи”, “Амир Темур ҳақида хорижлик алломаларнинг фикри” мавзуларида ўз фикрларини билдириб, кўплаб қизиқарли маълумотларни келтириб ўтди.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.

Шавкат Акрамов олган суратлар.