Давра суҳбати: “ОИТС ва гиёҳвандликка қарши курашиш – давр талаби” …
Самарқанд давлат университети юридик факультетида “ОИТС ва гиёҳвандликка қарши курашиш – давр талаби” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Йиғилишда ИИБ ходимлари Фатхулла Асқаров, Азиз Ҳайдаров, ОИТСга қарши кураш маркази ходимлари Яшин Равшанов ҳамда Дилдора Ахмедовалар ўзларининг маърузалари билан қатнашди.
- Бутун жаҳонда миллионлаб инсонларнинг умрига зомин бўлаётган, иқтисодиётга катта зарар етказаётган ОИВ инфекцияси ўзининг оқибатлари билан инсониятнинг энг долзарб муаммоси бўлиб қолмоқда, - дейди Яшин Равшанов. - ОИВ инфекцияси – одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган сурункали юқумли касалликдир. Бу вирус бемор одам организмида ҳаёти давомида сақланиб қолади. Инфекцияни юқтириб олган шахслар ўзлари билмаган ҳолда касалликни бошқаларга юқтириб юришлари мумкин. Барчамиз соғлигимизга бефарқ бўлмаган ҳолда, касалликдан сақланиш қоидаларига қатъий риоя қилишимиз керак.
- Гиёҳвандликка қарши кураш борасидаги масалага давлат миқёсида катта эътибор қаратилганини ҳеч кимга сир эмас, - дейди Ички Ишлар ходими Фатхулла Асқаров. - Наркоманияга қарши курашнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси яратилганини, хавф-хатарни бартараф этиш мақсадида кенг жамоатчиликнинг фаоллигига таянилаётганини алоҳида эътироф этиш зарур. Айниқса, мустақиллик йилларида ушбу иллатга қарши кураш чора-тадбирлари бир неча бор кучайтирилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Сардор Қувватов
Самарқанд давлат университети
юридик факультети ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари

