Келинг, аввало, ушбу сўзнинг моҳиятини ёритишдан олдин алдаш нима эканлигини аниқлаб оламиз. Алдаш – бу шахснинг ўз манфаати учун бошқа одамларни чалғитиши ёки ўзини бировнинг тажовузкорлигидан ҳимоя қилиш учун ҳақиқатни атайлаб бузишидир. Бошқача қилиб айтганда, у мудофаа ва ҳужум қуроли, шахс, гуруҳ, халқ, синф ва давлатларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва қизиқишларини амалга ошириш воситасидир. Алдаш ва ёлғон ўртасидаги фарқга келсак, ёлғон бу ўртача даражада зарарсиз, тасодифий, аҳамияциз, беихтиёр ва ҳатто мажбуран ҳам айтилган бўлиши мумкин. Алдаш эса, ҳар доим атайлаб режалаштирилган ва одатда кўпроқ тажовузкор характерга эга бўлади. Шундай экан, алданаётган одамни қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги нуқтаи-назаридан алдаш, ёлғондан даҳшатлироқ ва хавфлироқдир. Бундан ташқари, алдаш анча ривожланган ақл маҳсули бўлиб саналади, ёлғон эса камроқ ақлий, табиийроқ, ибтидоий, содда ва шунинг учун ҳам зарарсиздир.

    Сизни алдаган инсонларга ва умуман алдашга қандай муносабатда бўлишингиз керак? Аввало, бу ҳолатга енгил қараш ва хотиржам бўлишга ҳаракат қилиш керак. Асабийлашиш, хафа бўлиш, жаҳлланиш, тушкунликка тушиш сизга ҳеч қандай фойда бермайди. Эсингизда бўлсин, сиз билан ҳеч ким, ҳатто яқинларингиз ҳам ҳаққоний ва шаффоф муносабатда бўлишга мажбур эмас. Агар болалигингиздан сизни алдаш ёмон деб ўргатган бўлишса, сизни ҳеч қачон бундай қилмасликка ўргатган бўлишса, биринчидан, бу алдаш ҳақиқатан ҳам ёмон дегани эмас. Бизнинг дунёмизда алдовлардан қочиб бўлмайди. Савол шундаки, бу кимни, қандай ва нима мақсадда алдашингиз, иккинчидан, бу бошқа одамларга ҳам худди сиз каби алдов ёмон деб ўргатилгани эмас. Бошқа одамларни, аксинча, алдашга ўргатган бўлишлари мумкин ва ҳаттоки жуда моҳирлик билан. Шунинг учун, агар сиз алданган бўлсангиз, ўзингизни алданган деб ўйлаш ва айтишнинг ҳожати йўқ. Аслида ўзингизни алдашларига ўзингиз рухсат бердингиз. Ҳа, бунинг учун бошқаларни эмас, ўзингизни айблашингиз керак. Айнан шу томондан сиз бу ҳолатга яқинлашишингиз даркор. Кимдир сизни алдаган деб ўйласангиз, унда ёлғонни тан ололмайсиз ва бунинг учун жавобгарликни бошқа одамларга юклайсиз. Хўш, шундай ҳам қилдингиз дейлик. Энди бу одамлардан нимани кутяпсиз? Фақат сиз хоҳлаганингиз учун энди улар менга нисбатан ҳалол бўлишади, уларни ўзгартира оламан деб ўйлаяпсизми? Йўқ. Сиз ҳам,  мен ҳам бу ҳолат содир бўлмаслигини жуда яхши биламиз. Аммо, ўзингизни ўзгартиришга қодирсиз, бунинг учун атрофдагилар томонидан алданиб қолишга йўл қўйиб берганингизни тан олсангиз кифоя. Бу сизга алдов илмини тушунишни бошлаш учун етарли. Сиз қандайдир тарзда яшашингиз керак. Ахир, бошқа одамлар сиз учун ўз хатти-ҳаракатларини ўзгартирмайдилар. Улар биринчи навбатда ўзлари ҳақида ўйлашади ва улар одамларни қандай алдашни билсалар, албатта бу маҳоратдан фойдаланадилар. Бунинг учун уларни айблаш аҳмоқликдир. Ҳаётим давомида мен кўп марта амин бўлдимки, баъзи одамлар бошқаларга нисбатан устунлик қилади. Йолғон гапириш, жанг қилиш қобилияти, жамиятда юқори мавқега эга бўлишда улардан ўз манфаати учун фойдаланадилар, яъни ўз устунликларини суистеъмол қиладилар. Жисмонан бақувват одам ўз кучини бошқа одамларни ўзига бўйсундириш учун ишлатади. Йолғончи ўз манфаати учун алдайди. Маълум бир лавозимни эгаллаган киши шахсий манфаат олиш учун ўз лавозимини суистеъмол қилади. Бу инсоннинг табиати, буни тушунишимиз керак. Буни тушунган ҳолатда эса, эртага биздан фойдаланмасликлари, алданиб қолмаслик учун, бу ҳолатга тайёр туришимиз лозим.

Дилфуза Жўрақулова
Самарқанд давлат университети
Психология ва ижтимоий муносабатлар факультети ўқитувчиси