Самарқанд давлат университети спорт фаолияти ва санъат факультети талабаси Зуҳра Усмонова. Уч юзга яқин санъат асарлари бор, ноёб истедод эгаси.

    - Мен соғлом фарзанд бўлиб дунёга келганман. Ёшлигимдан сурат чизишга жуда қизиқаман. Ишонасизми? Ҳаётимни ранг-тасвирсиз тасаввур қила олмасам керак, - дейди Зуҳра Усмонова.  - Ўн тўрт ёшимгача қўлларим билан чиза олардим…Маълум бир сабабларга кўра қўлларим ўзимга бўйсунмай қолди. Иложим қанча, бу тўхталиб қолмадим. Албатта, ҳаётда ҳамма учун берилган синов бўлади. Шунингдек, бу ҳам мен учун берилган синов экан. Қайсидир кинода кўриб қолган эдим, номини эслолмайман. Жуда бир катта истедод эгаси бўлган мусаввир бола ўнг қўлида ажаблантирувчи суратлар чизарди. Лекин, бу боланинг иқтидорини кўролмай ўнг қўлини майиб қилишган. Менинг қаҳрамоним бу билан тўхталиб қолмай, бошқа мамлакатда чапақай рассом борлигини эшитиб, унга шогирд туриш учун етиб боради. Ижод сирларини ўрганиб, буюк мусаввир бўлиб етишди… Шу кинодан таъсирланиб мен ҳам оёқ билан чизишга қарор қилдим. Бошида жуда қийин бўлди, ҳаттоки ичимда йиғлардим. Яқинларимнинг, ота-онамнинг далдаси билан буларнинг барчасини енгиб ўтдим. Ижодкорда хоҳиш бўлса бас, ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтаркан. Бу натижаларга сабр билан эришдим. 2019 йил Самарқанд давлат университети спорт фаолияти ва санъат факультетига ўқишга кирдим. Бу ердаги мутахассис ўқитувчилар томонидан ҳам назарий, ҳам амалий билимларни эгаллаб келмоқдаман. Бундан ташқари бўш вақтларимда китоб мутола қилишни, шашка ўйнашни, қолаверса, заковат ўйинларини доимий кузатиб бораман. Ўз олдимга улкан марраларни забт этишни мақсад қилганман. Нафақат, Ўзбекистонда, балки Жаҳон бўйлаб ўз кўргазмаларимни намойиш этмоқчиман. Шунингдек, ўз мусаввирлик мактабимни шакллантириб, етук шогирдларни тайёрламоқчиман.

Беҳруз Шамсиддинов
Самарқанд давлат университети 
Ахборот хизмати ходими
Шавкат Акрамов олган суратлар