Савол: Ҳозирги пайтда Фарғонада ўқияпман. Ўқишимни Самарқандга кўчирмоқчиман. Йўналишим енгил саноат технологиялари ва жиҳозлари (турлари бўйича). Лекин Самарқандда бу йўналиш йўқ экан. Бошқа турдош йўналишга бўлса ҳам ўқишимни кўчира оламанми?

    Жавоб: Мурожаатчи, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 22 июндаги ПҚ-5157-сонли қарорининг 7-қисми  в) банди бўйича ўқишингизни кўчириш учун ариза беришингиз мумкин.

    Мазкур қарорнинг в) бандида қуйидаги тартиб белгиланган:

    в) талабалар ўқишини Ўзбекистон Республикасининг бир ҳудудида жойлашган давлат олий таълим муассасасидан бошқа ҳудудидаги давлат олий таълим муассасасига кўчиришда:

    ўқишни мос ва турдош таълим йўналишларига кўчиришга узрли сабаблар мавжуд бўлганда рухсат этилади. Бунда, ўқишни кўчириш сўралаётган ҳудудда мос ва турдош таълим йўналиши мавжуд бўлмаганда, ўқишни мазкур ҳудуддаги олий таълим муассасасининг бошқа таълим йўналишига кўчиришга рухсат этилади;

    талабанинг республика бир ҳудудидан иккинчи ҳудудига доимий яшаш учун кўчиб ўтиши, турмуш ўртоғи ёки ота-онасининг меҳнат фаолиятини амалга ошириш жойи бошқа ҳудудга ўзгартирилиши, никоҳ тузгандан кейин турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудудга кўчиб ўтиши узрли сабаблар этиб тан олинади;

    талабаларнинг ўқишини узрли сабаблар мавжуд бўлмаган ҳолатларда, шунингдек, мос ва турдош бўлмаган таълим йўналишларига кўчириш ўрнатилган тартибда, тегишли бакалавриат таълим йўналиши учун белгиланган табақалаштирилган тўлов-контрактнинг минимал миқдорига тенг бўлган бир марталик тўлов асосида амалга оширилади (мазкур кичик банднинг иккинчи хатбошисида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно);

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.