Шаҳбоз Пўлатов: “Спорт кучли ва иродалилар учун”…
Самарқанд давлат университети спорт фаолияти ва санъат факультети талабаси Шаҳбоз Пўлатов. Осиё ва Ўзбекистон чемпиони. Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси.
- Мен қашқадарёликман. Азалдан бизнинг юртимиз полвонлари билан машҳур, айниқса курашга бўлган эътибор ўзгача, - дейди Шаҳбоз Пўлатов. - Ўн бир ёшимдан бери дзюдо спорт тури билан шуғулланаман. Ўзимдаги қатъият сабаб, ушбу спортга кириб келганман. Кураш бизнинг қонимизда бор. Илк маротаба 2013-йилда ёшлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида бронза медал совриндори бўлганман. Бу кунга қадар бир қатор ютуқларни қўлга киритганман. Хусусан, Осиё (Ливан) чемпиони, Осиё ўйинлари кубоги соҳиби, тўрт карра Ўзбекистон чемпиони бўлганман.
2018 йил Самарқанд давлат университети спорт фаолияти ва санъат (жисмоний маданият) факултетига ўқишга кирдим. Малакали мутахассислар томонидан ҳам назарий, ҳам амалий билимларни эгаллаб келмоқдаман. Бошқа соҳалар қатори спортда ҳам кўплаб қийинчиликлар мавжуд. 2019-йилда Жаҳон чемпионатига тайёргарлик пайтида қаттиқ жароҳат олганлигим сабабали олти ой танаффус қилишга мажбур бўлдим. Шу сабаб чемпионатда иштирок этолмадим. Бу билан ҳаётим тўхтаб қолмайди. Олға қадам ташлашда давом этаман. Спорт кучли ва иродалилар учун. Олдимда улкан мақасадларни қўйганман ва албатта буларнинг барчасига эришишимга ишонаман.
Беҳруз ШАМСИДДИНОВ
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат АКРАМОВ олган сурат.

