Психолог маслаҳати
Савол:
Мен одатда кечки 23 дан кейин ухлайман. Лекин тонгда туришни жуда ҳам истайман. Аммо мен ўзимда бу одатни шакллантира олмаяпман. Тонгда туриш мен учун жудаям муҳим. Чунки ухлаб қолсам кайфияциз уйғонаман. Илтимос шунга аниқ далиллар билан жавоб берсангиз...
Аноним
Жавоб:
“Инсон миясига роҳат бағишловчи энг кучли малҳам – бу уйқу”, - деган эди буюк мутафаккир Абу али Ибн Сино.
Эрталаб уйқудан барвақт уйғониш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Айниқса, одам уйқуга кеч ётганда, буни уддалаш мушкул. Ўзи нима учун эрта туриш керак? Одамлар ўз ишлари, кун тартибларига кўра эрталаб қачон уйқудан туришни ўзлари ҳал қилса бўлади. Аслида ҳам кўпчилик шундай қилади. Лекин эрта туриш зарур бўла туриб, буни эплай олмайдиганлар ҳам орамизда бор. Кеч туриши оқибатида ишга, ўқишга кеч қолиб, раҳбариятдан дакки эшитиб юрадиганлар қанча орамизда?!
Эрта туришнинг фойдалари кўп. Масалан, Сиз ҳар куни кечки 23 дан кейин ухлаб, эрталаб соат 7:00 да уйқудан турасиз. Тасаввур қилинг, сиз шуни бир соат олдинга сурдингиз, уйғотгич ёрдамида 6:00 да уйқудан туришга ҳаракат қилиб кўринг. Кейинчалик будилник ёрдамисиз 6:00 да уйқудан туришга одатланасиз. Энди 7:00 да эмас, ҳар куни 6:00 да уйқудан туряпсиз. Ҳар куни уйқуда ўтадиган умрингизнинг бир соати реал жонли ҳаётингизга қўшилади. Бир соат ичида одам кўп иш бажара олади. Масалан, 60 дақиқада 100 саҳифагача китоб ўқиш мумкин. Ҳар куни эрталаб бир соатдан мутолаа қилинса, уч кунда катта бир китобни ўқиб битириш мумкин. Барвақт туриш ҳисобига қўлга киритилган вақт ҳисоб-китоб қилинганда эса, ойда ўттиз соат, бир йилда 360 соат фойдали вақтга эга бўласиз. Бу дегани, нақд 15 кунни тежаб қоласиз.
Сиз бу кунлардан самарали фойдалансангиз борми… 15 кунни худди кўз-юмиб очгунча муддатда ўтиб кетадиган уйқу билан барбод қилган яхшими ёки унумлироқ бирор машғулот билан банд бўлиб, умрингизни яна ярим ойга узайтирганингиз маъқулми? Албатта, ақлли киши иккинчисини танлайди.
Обид Қодиров
Самарқанд давлат университети
психология ва ижтимоий муносабатлар факультети
Умумий психология кафедраси мудири
Шавкат АКРАМОВ олган сурат

