Самарқанд давлат университетига Урал давлат иқтисодиёт университети ректори, профессор Яков Силин ташриф буюрди. 

      СамДУ халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Мухтор Носиров билан ўтказилган учрашувда икки университет ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини йўлга қўйиш, биргаликда турли илмий лойиҳа ва конференциялар ташкил этиш юзасидан фикрлар алмашилди.

      Мухтор Носиров Самарқанд давлат университети бугунги кунда Россия Федерациясининг етакчи олийгоҳлари билан манфаатли ҳамкорлик ўрнатилганини, Урал давлат иқтисодиёт университети билан бўладиган ушбу ижобий муносабатлар икки олий ўқув юрти таълим тизимига фойдали бўлишини таъкидлади. Шунингдек, университетимиз агроиқтисодиёт ва муҳандислик таълим йўналишларидаги ҳамкорликни алоҳида қўллаб-қувватлашини билдирди.

      Урал давлат университети ректори Яков Силин ушбу ҳамкорлик алоқаларининг давомий бўлишини, келишувлар юзасидан ишчи гуруҳ тузган ҳолда ижро қилинишини айтиб ўтди.

      Шунингдек, Самарқанд давлат университетидан олган таассуротлари ҳақида айтар экан, олий таълим муассасида илмий-ижодкор муҳит мавжудлигини алоҳида қайд этди.

      Учрашув якунида, университетимизнинг тарихий рамзлари акс этган эсдалик совғалари топширилди.

Самарқанд давлат университети 
Ахборот хизмати.
Шавкат Акрамов олган суратлар.