Самарқанд давлат университети спорт фаолияти ва санъат факультети талабаси Нуринисо Усмонова. Бадиий гиманастика бўйича 3 карра Осиё чемпиони. Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиби. Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси.

      - Ёшим йигирмада. Тўрт ёшлигимдан бошлаб бадиий гимнастика билан шуғулланаман. Бобомнинг тавсиясига биноан ушбу спорт турини танлаганман, - дейди Нуринисо Усмонова. -  Елена Асаланова мураббийлиги қўл остида бир қатор ютуқларга эришганман. Кетма-кет етти йил вилоят чемпионатида фахрли ўринларни егаллаганман. Йигирма марта Ўзбекистон чемпионатида ғолибликни қўлга киритдим.

      Биласизми, баъзи танишларимдан “спорт билан шуғулланиш қизларга эмас, бошқа соҳани танла”, деган гапларни кўп маротаба эшитганман. Бу каби гап сўзлар мени ғазаблантирсада, эътибор қилмай ўз йўлимдан кетишда давом этганман. Эсимда, 2017-йилда муҳим мусобоқага тайёргарлик қилаётган эдим. Машғулот пайтида оёғимдан қаттиқ жароҳат олдим. Оғриқ сабаб, олти ой спортдан чекинишга мажбур бўлдим.  Шунчалик тушкунликка тушдимки, энди спортга қайта олмасам керак деган хавотирлар тинч қўймасди. Оилам ва устозларим далдаси остида бу тушкунликдан чиқишга ва спортга қайтишга ўзимга ирода топа олдим. Мен учун қийин бўлган бўлсада, шиддат билан шуғулана бошладим. Чунки олдимда улкан мақсадларим бор эди.

      Қозоғистон, Малайзия Таиландда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида биринчи ўринни қўлга киритганман. 2019-йилда Самарқанд давлат университети спорт фаолияти ва санъат (жисмоний маданият) факултетига ўқишга кирдим. Амалиёт билан бирга назарияни ҳам эгаллай бошладим.  2020 йил менинг ҳаётимда туб бурилиш юз берди. Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлдим.

      Ҳозирда машғулотлар билан биргаликда 10 нафар ёш гимнастикачи қизларни шуғуллантиряпман. Шогирдларим Ўзбекистон ёшлар ўртасидаги чемпионатда қатнашиб, фахрли ўринларни қўлга киритмоқда. Мен ўз олдимга улкан мақсадларни қўйганман. Гиманастика мактабимга асос солиб, жаҳон ареналарида юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган муносиб спортчиларни тайёрламоқчиман.

Беҳруз ШАМСИДДИНОВ,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.